БЕПИСАНДЛИК – ХИЁНАТ
Шаҳарга бормоқ истагида «Дамас»га ўтирдим. Машина юргач, ҳайдовчи, ёш йигитча радиосини қўйди. Шовқин-сурон, «гуп-гуп»дан иборат алламбало мусиқа қулоқни қоматга келтирди.
-Ўзбекчасидан йўқми? -деб сўрадим.
-Шу ўзбекча-ку! -энсаси қотди ҳайдовчининг.
-Агар шу ўзбекча бўлса, мен ўзбек бўлмай қолибман, -дедим.
«Суҳбат»имиз яна давом этди:
-Камолиддин Раҳимовдан йўқми?
-Йўқ.
-Уни танийсизми, қўшиғини эшитганмисиз?
-Ҳа, эшитганман.
-Сизга қайси қўшиғи ёқади?
-Эсимда йўқ.
Суриштирсам, радиоси бисотида бирорта миллий ёки мумтоз қўшиқ йўқ экан.
Бундай ҳолат аксарият одам ташувчи машиналарда мавжуд.
Маълумот ўрнида: ўтган йили кузда Камолиддин Раҳимов хонадонига Туркия давлатидан 3-4 та мухлислари келишибди. Ҳофизнинг торини ўпиб, кўзларига суртиб, кўзларига ёш олибдилар. Камо-лиддин акани «туркий халқлар санъат аҳлининг энг буюги» деб таърифлашибди. Бугунги ёшларимизнинг айрим вакиллари (афсуски, наманганликлар) бу буюк санъаткорнинг қўшиқларини севиб тинглаш тугул ҳатто уни танимаяптилар.
Надоматким, яна кўплаб санъат дарғаларимизга муносабат ҳам юқоридагидан яхши эмас.
Яна надоматким, бугунги ёшлар жон қулоғи билан «севиб» тинглаётган рок ёки рэп қўшиқлар санъат эмас, миллий санъатимизга тариқча алоқаси, зиғирча тарбиявий ёки эстетик жиҳати бўлмаган, шовқин-сурон, алмойи-жалмойи сўзлардан иборат (тарбияга акс таъсир этувчи), ажнабий дунё ҳибсхоналарида умрбод сақланаётган ашаддий жиноятчиларнинг эрмаги бўлган бақир-чақир, холос!
Ўйлаб кўрайлик, унинг нимаси керак бизнинг миллатга?! Нега ёшларимизни бу санъатбузар бало домига ташлаб, томошабин бўлиб турибмиз?! Ахир, ёшлар онгидан миллий қадриятларимизни шу бало сиқиб чиқармаяптими?!
Ёшлар бу шовқин-суронни эшитибгина қолмай, унинг ноғорасига ҳам тентакларча ўйнаяпти, ташқи кўринишларини ҳам унинг ижрочиларига ўхшатиб олмоқдалар. Йиртиқ шимлар, шортиклар, бемаза ёзувли футболкалар, патак соқоллар, хўрозча «стрижка»лар, тушунарсиз иборалар фикримизнинг далилидир.
Аждодларимиз яратиб, асрлар оша сайқаллаб, бизларга етказиб берган «Шашмақом», «Ушшоқ», «Баётлар», «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Чоргоҳ»ларга беписандлик айрим ёшларда қаердан пайдо бўлди? Уларнинг бадиий савияси, эстетик диди нега бу қадар ўтмаслашиб, тўмтоқ бўлиб қолди?!
Ахир, бизлар, ҳозирги кекса авлод ёшлигимизда мумтоз қўшиқларни севиб тинглаганмиз, хиргойи қилардик, мағзини чақардик, завқланардик. Камолиддин Раҳимов «Қаро кўзум»ни маромига етказиб айтганда, бизлар 25 ёшларда эдик. Мазза қилганмиз. Тўйларда санъаткорлардан «Ушшоқ»ни, «Фидо»ни, «Баёт IV»ни, «Кўча боғи»ни, «Дилхирож»ни, «Тановор»ни илтимос қилиб, мароқ билан тинглаб, рақсга тушардик. Қалбларимиз тўлқинланарди. Бу қўшиқлар матнини китоблардан қидириб топардик, ёдлаб, хиргойи қилиб юрганмиз.
Агар бугунги авлоднинг миллий санъатимиз дурдоналарига муносабати юқоридаги каби бўлса, бу дурдоналардан келажак авлод бебаҳра қолиши мумкин.
Муҳтарам Президентимиз бежиз «Мақом» фестивалини ташкил этмадилар. Мақом санъатимиз шу қадар бебаҳо ва беназирки, дунёнинг кўплаб халқлари унинг вориси бўлган бизким, ўзбекларга ҳавас қиладилар.
Буюк маънавий бойлигимизга беписандлик хиёнат демакдир. Ўринбой МЎМИНОВ.

