КЕЛАЖАК САРИ ИНТИЛИБ…
Мустақил Ўзбекистонимиз йилдан-йилга равнақ топиб бормоқда. Юртдошларимиз ҳаётидаги туб ўзгаришлар, мафкуравий ва ижодий тафаккурнинг фаоллашуви айни муддао бўлмоқда. Мен ҳам шу озод Ватан фарзанди сифатида бўлаётган ўзгаришларга жавобан ўзбек миллий санъати йўлида қатор ютуқларга эришиб келмоқдаман. Наманган ижрочилик йўналишида бир қатор устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлдим. Улар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Саидхўжа Холдорхўжаев, Ўзбекистон халқ артистлари Ўринбой Нуралиев, Камолиддин Раҳимов, Хайрулла Лутфиллаев, хонанда Боқижон Сатторов, Ҳамиджон Маллабоев, Комилжон Неъматовлардан мусиқий йўналиш-ларда талайгина маълумотларга эга бўлиб келмоқдаман. Ижодий фаолиятимни илмий йўналишда ҳам давом эттириш мақсадида Наманган давлат университетининг мусиқий таълим йўналиши бўлимига ўқишга кирдим. Мақсадим устозлардан олган билимларимни бойитиб, келажак авлодларга ўргатишдир.
Маълумки, мусиқа одам онги ва қалбига бошқа ҳар қандай воситалардан кўра кучлироқ таъсир этади. Аслида мусиқий таълим инсон тафаккурини фаоллаштиришда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфиллаевнинг ёшларга дарс бериш жараёнида иштирок этганимда, устоз ўзларига хос йўллар билан ёшларга дарс ўтганларининг гувоҳи бўлганман. Аввало, танланган асар матнини, унинг маъносини, шеърий вазнини тушунтириб, сўнгра басталанган куйга ўтадилар. Куйнинг оҳангларидаги пардалар шундай терилганки, унда бирор бир ғализлик учрамайди. Ўзбекистон халқ артисти Ўринбой Нуралиев ижодларини ўрганганимда эса ижрочи учун актёрлик маҳорати ҳам ғоят муҳимлигига иқрор бўлдим. Ўринбой ака йиллар давомида театр саҳналарида бир қатор образлар яратганлар. Шу боис репертуарларида спектакллардаги ариялар ўрин олган. Бундай асарларни ёшларга ўргатишда ҳозирги инновацион техно-логиялардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Келажагимиз бўлган ёшлар бугунги кунда катта имкониятларга эга. Барча қулайликлар, имтиёзлар, қўллаб-қувватлашлар муҳайё.
Президентимизнинг ёшларга катта умид боғлаб: «Келажагимиз ёшларнинг қўлида», -деб доимо таъкидлайдилар. Бунга жавобан биз ҳам ёшлар тарбиясида, билим олишларида ўз ҳиссамизни қўшиб боришимиз керак.
Умиджон ҚОРАБОЕВ, НамДУнинг мусиқий таълим йўналиши сиртқи бўлим талабаси.

