ЭКОЛОГИК ВА ТИББИЙ МАДАНИЯТНИ ОШИРИШГА БАҒИШЛАНДИ
Шу йилнинг 31 май куни Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази»да вилоят «Барҳаёт сайёра» экология маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Дахлдорлик ҳисси билан жамоатчилик экологик назорати сари» лойиҳаси доирасида «Аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда мавзуга доир бир қатор маърузалар тингланди.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси Ш.Якубов ва Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси, Парламент комиссияси аъзоси С.Ҳакимовлар сўзга чиқдилар.
Шунингдек, аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича инновацион ғоя ва таклифлар берган бир қатор мақола муаллифларига ташкилий қўмита томонидан сертификатлар тақдим этилди.
Илмий-амалий конференция иштирокчилари мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилган «Менинг экологик масъулиятим» расм ва фотоколлажлар кўргазмасига ҳамда Наманган шаҳрида ўтказилаётган 57-анъанавий «Гул байрами»га ташриф буюрдилар.
Аброр ТОШМАТОВ.

