АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙ
Жасур, ватанпарвар, оташин сўзлари билан миллионлаб одамларни озодлик учун курашга йўллай олган уламо Алихонтўра Соғуний 1885 йил Қирғизистоннинг қадимий Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Онаси Норбуви отиннинг ҳикоясига кўра, Алихонтўра болалик пайтларидаёқ турли хавф-хатарларга дучор бўлган. Бир куни Норбуви ертандирда нон ёпаётган экан. Ёш Алихонтўра уйдан чиқиб, онасининг атрофида ўйнаб юрган эди. Она уйга кириб чиқса, бола кўринмайди, онанинг ёдига ертандир тушади. Эр-хотин Алихонтўранинг тандир ичида ғужанак бўлиб, чўғ устида типирчилаб ётганини кўрадилар. Мўъжиза рўй бериб, Алихонтўра тандирдан соппа-соғ чиқади. Воқеага шоҳид оқсоқоллар: «Каромат содир бўлди, иншоаллоҳ! Бу ўғил ўтда куймас, сувда чўкмас Ватан ўғлони бўлажак, ғариб динимизга қувват берғусидир!», -деб башорат қиладилар.
Дарҳақиқат, оқсоқолларнинг башоратлари ушалди. Алихонтўра Соғуний бутун умри давомида Туркистон элининг озодлиги, диний, миллий эркинликлари йўлида қайғурди. Бу йўлдаги илҳомбахш даъватлари учун йигитлик чоғиданоқ шўроларнинг таъқибларига учради, бир неча марта Пишкек (ҳозирги Бишкек)нинг совуқ, зах, зиндонларида тутқун бўлади. 1930 йилда зоҳиран чет давлатга чиқишга уринганликда, аслида эса диний уламо бўлганлиги учун, 10 йилга озодликдан маҳрум этилади. Бу ҳақида Алихонтўра Соғуний кейинчалик мана шундай эслайди: «Шу ётганимча орадан бир неча ойлар ўтиб, ҳукм ўқилди: 10 йил қамоқ жазоси берилди». 1941 йил озодликка чиқди. Алихонтўра Соғуний мустамлакачиларга қарши ҳаракатнинг бошида турди. 1945 йил 5 январда Алихонтўра раҳбарлигида Шарқий Туркистон ҳукуматининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб, унда 9 моддадан иборат баёнот қабул қилинди. Унинг иккинчи моддасида «Шарқий Туркистонда барча миллатлар тенг ҳуқуқли, эркин экани, имонли республика қуриш» эълон қилинди. Бу сўзларни тўғридан-тўғри кўтарган ва амалга оширишга киришган шахс Алихонтўра экани барчага аён эди. 1945 йил 8 апрелида Миллий армия ташкил этилди. Алихонтўранинг бу инқилобдан мақсади Ватанни озод кўриш эди. Шўроларнинг қора ниятларидан ўз халқининг оқ ниятлари йўлида фойдалана билди. Ота юрти Андижонда ўнлаб шогирдлар етиштирган. Амир Темурнинг «Темур тузуклари» асарини, Аҳмад Донишнинг «Наводир ул вақое», Ҳерман Вамберининг «Мовароуннаҳр ёки Бухоро тарихи» асарини таржима қилади. Мустақилликдан сўнг Алихонтўра Соғуний номи оқланди. Алихонтўра Соғуний «Туркистон қайғуси» асарида Туркистон парокандалигининг ўзак сабабларини кўрсатиб берган эди. «Тарихи Муҳаммадий» китоби эса мана йигирма йилдирки, китобхонлар эътиборида. Алихонтўра Соғуний ўз фаолияти давомида нимагаки қўл урса, у хоҳ минглаб одамлар қаршисида туриб айтилган ваъзми, хоҳ қалам ушлаб китоб битишми, барчасини кўтаринки руҳ билан амалга оширди. Унинг фаолияти тантанаворлик, кўтаринки руҳ, ўчмас дард, ўлмас қайғу билан йўғрилган эди.
Холидахон МИРКАМАЛОВА, 5-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси.

