«КЎК КИТ»НИНГ ҚОРА ҚИЛМИШЛАРИ
Интернетда ўсмир ёшдаги болаларнинг онгига хуруж қилаётган жиддий таҳдидлардан бири ижтимоий тармоқлар орқали бузғунчи ўйинлар экани кўпчилигимизга маълум. Ҳозирги кунда ёшларнинг эътиборини тортаётган ана шундай ўйинлардан бири «Кўк кит» ҳисобланади. Аввал «В контакте» ижтимоий тармоғида пайдо бўлган ушбу хатарли ўйин кейинчалик “Facebook” ва “Instagram” каби тармоқларда ҳам тарқаб кетди.
Бу ўйинга кириш учун ўйин маъмурлари, энг аввало, «18 ёшга тўлганмисиз?» ёки «18 ёшдан каттамисиз?» деган савол беради. Бундан кўриниб турибдики, модераторлар ёшларнинг онги ва маънавий дунёси энди ривожланиб келаётган ғараз мақсадларда фойдаланишни ният қилган. Ўйин маъмурлари болаларни ушлаб туриш учун топшириқни бажарган ёки бажармаганига доир суратни ўзига юборишни талаб қилиб олмоқда ҳамда ушбу буйруқни бажарганларни «қаҳрамон» қилиб кўрсатмоқда.
Ўйин иштирокчиларига 50 га яқин ҳаёт учун хавфли топшириқлар берилади. Улар қаторида тана аъзосининг бирор қисмига «Кўк кит» деган ёзувни тилиб ёзиш ёки тез кетаётган машина олдидан югуриб ўтиш каби ўта қалтис ишларни кўрсатиш мумкин.
Шу ўринда табиий саволлар туғилади: нима учун айнан кит ўйиннинг рамзий тимсолига айланган? Бошқа ҳайвонларнинг эмас? Мазкур ўйинни ишлаб чиққан «Довонлар»нинг фикрига кўра, кит энг ақлли жониворлардан бири бўлиб, айрим ҳолларда оммавий равишда ўзларини қирғоққа отиш орқали ўз жонига қасд қилади. Бу билан улар гўёки ички эркинлиги, иродасининг мустаҳкамлигини намоён этар эмиш.
Сўнгги вақтларда халқаро майдондаги янгиликларни кузатиб бораётган бўлсангиз, МДҲнинг қатор мамлакатлари, хусусан, Украина, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонда ўсмирлар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг урилмоқда. Хўш, уларнинг бундай қарор қабул қилишлари ва умрларининг хазон қилишига нима сабаб бўляпти? Улар махсус дастур орқали фойдаланувчиларнинг IP манзилини аниқлаб, унинг уй манзилини билиб олишади ва шу орқали «Сен шу манзилда яшайсан, шартларни бажармасанг, оиланг билан йўқ қиламиз, орқага йўл йўқ», дея қўрқитишади ё бўлмаса, ўйин давомида иштирокчининг турли хил шахсий суратлари алдов йўллари билан олинади ҳамда сўнгги босқичда суиқасдга мажбурлаш воситасида қўлланилади.
Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига гуруҳ бошқарувчиси томонидан мураббийлар тайинланади. Мураббий болага мавжуд тартиб-қоидаларни тушунтириб, ҳар куни эрталаб соат 04.20 да янги-янги топшириқлар бериб боради. Одатда биринчи топшириқ қўлни тиғли восита билан тилиб, кит расмини чизиш, буни расмга ёки видеотасвирга олиб, гуруҳ сайтига жойлаш ҳисобланади. Бу билан иштирокчи ўйинга кирганини исботлайди. Агар бажаришдан бош тортса, ўйиндан четлатилади ва қора рўйхатга тушади.
Берилаётган топшириқларда ҳаётнинг адолатсизлиги, яшашнинг бешафқат ва қийинлиги каби мавзулар муҳокама этилади. Гуруҳдаги аудио, видео ва фото материаллар гуруҳ аъзосини тушкун кайфиятга, умидсизликка солишга хизмат қилади.
Табиийки, бундай ҳолатдан ўспирин ваҳимага тушади. Улар жиддий одамлар эканлигини тахмин қилади. Ўйиннинг иккинчи томонида оддий бир киши ўтирганлигини, у уйига, ўзи яшаётган шаҳарга асло кела олмаслигини, яқинларига зарар етказиш тугул уларни топишга ҳам ҳаракат қилмаслигини қўрқувга тушган ўспирин ўйлаб ҳам кўрмайди. Натижада яқинларини ҳимоя қилиш учун ўз жонига қасд қилади.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда «кўк кит» номли гуруҳлар жуда кўп. Дастлабки фожиага чорловчи ва 300 минг обуначига эга бўлган ҳақиқий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Гуруҳнинг яратувчиси Филипп Лис ҳибсга олинган. Қабиҳ ўйин натижасида 230 дан зиёд бола ва ўсмирнинг ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлган бу шахс озодликдан маҳрум этилган.
Болаларни бу каби қабиҳ ўйинлар домига тушиб қолишдан сақлаш, тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш айни кундаги муҳим вазифадир.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, интернет тармоқларида кенг тарқалаётган бу каби хатарли «ўйин»лардан, турли иллатлардан ёшларимизни асрашимиз керак. Зеро, улар интернет маълумотларидан оқилона фойдалана олсин. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда ота-оналар, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтиришимиз, ёшларни назоратдан четда қолдирмаслигимиз муҳимдир.
Раънохон МЎМИНОВА,
37-мактаб ўқитувчиси.

