ДЕПУТАТ ВАКОЛАТИ ВА ШАЪНИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз фаолиятларини бошладилар. Депутатлар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунларга мувофиқ амалга оширадилар.
Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақлидир.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборадилар (8-модда).
Ҳар бир депутатга ўз ваколатини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади.
Депутатнинг шаъни ва қадр-қиматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўладилар. Депутатни ҳақорат қилиш, шунингдек, унга нисбатан туҳмат қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади. Депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлишлари белгилаб қўйилган.
Депутат ўз ваколатини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб, тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ҳамда ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.
Акрамжон АБДУҒАППАРОВ, халқ депутатлари туман Кенгашининг регламент ва депутатлик одоби масалалари доимий комиссияси раиси, ЎзХДП туман кенгаши раиси.

