ДУНЁ ЎЗГАРМОҚДА

Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидовнинг «Инсон қасидаси» шеърида шундай сатрлар бор:

Атомни ижод этиб,

Даҳшат, бало бунёд этиб,

Оқибатни ёд этиб,

Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.

Ҳа, сўнгги юз йилликда инсон дунё бошига не кунларни солмади. Ўзаро мантиқсиз урушлар, олам мусаффолигига раҳна солувчи гигант завод-фабрикалар, заҳарли, кимёвий дорилар, мустамлакачилик сиёсати, ер ресурсларидан очкўзларча фойдаланиш, ҳавони, сувни булғаш, ҳайвонот, наботот оламига талафотлар келтириш, саломатликни емирувчи озиқ-овқат маҳсулотлари… Бу аҳвол ҳамон давом этмоқда.

Қилар ишлар қилингач, энди у ер бу ерда одамлар кўзи очиляпти, илғор фикрли кишилар бонг ура бошладилар. Грета Тунберг кабилар ҳаракати бош-ланди. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда баъзи эзгу ишлар, ибра-томуз тадбирлар, олампарвар қонунлар ҳақида хабарлар учрамоқда. Юртдош-ларимиз, айниқса, келажак эгалари – ёшларимиз ўрнак олишса, деган умид билан ўша ибратли ишлардан айрим намуналар келтирамиз:

*Таиландда супермаркетларда пластик пакетлардан воз кечилиб, маҳсулотлар банан баргларига ўраб сотилмоқда.

*Нидерландия дайди итларга барҳам берилган дунёдаги биринчи мамлакат бўлмоқда. У ерда ҳатто бекатлар томларига асаларилар учун гуллар экилмоқда.

*Швецияда донорнинг қони кимга қуйилса, ўша инсондан донор телефонига миннатдорчилик СМСлари жўнатилмоқда.

*Дунёда йўқолиб бораётган денгиз тошбақаларини асраб қолиш ҳақида қонун чиқарилгач, улар сони салкам минг  фоизга ошди.

*Жанубий Кореяда 65 ёшдан ошган ёлғиз ва узоқ йиллик фаолият жараёнида қобилиятининг айрим жиҳатларини йўқотган кексалар учун турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш одат тусига кирган. (Бизда эса бундай тадбирлар тугул отахонларнинг энг севимли маскани «Оталар чойхонаси» барҳам топиб, бари ошхона (мўмай даромад маскани)га айлантириб юборилди).

*Рим шаҳрида метрода пластик бутилкага билет бериш йўлга қўйилгач, 350 минг бутилка йиғилди. Экологик муҳит учун ҳам яхши бўлди.

(Бизда 10 йиллар олдин ўқув масканларида бу борада хайрли ишлар бошланган эди, аммо…)

*Дунё шоликорлик фермерлари пестицид ўрнига ўрдаклардан фойдаланмоқдалар. Ўрдаклар зараркунанда ҳашаротларни ейиш билан бирга, шолипояларни кечиб, ўсимлик ривожига ижобий таъсир қилар экан.

*Канадада истироҳат индустриясида косатка (дельфинсимон денгиз йиртқичи) ва дельфинлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун қабул қилинди. Германия циркларида ҳайвонлар ўрнига уларнинг голограммаси (нурлар ёрдамида ҳосил қилинган тасвир)дан фойдаланишга ўтилмоқда.

*Исландияда дунёда биринчи бўлиб, эркаклар ва аёллар меҳнатига ҳақ тўлаш бир хил мувозанатга келтирилди.

*NASA йўлдошларининг қайд этишича, Ер шари кейинги 20 йил ичида анчайин кўкаламзорлашган.

*1994 йилдан бошлаб инсонлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолати 38 фоизга пасайган. Бу билан тўрт миллион одамнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Дунёнинг эзгу ишларига биз ҳам қўшилайлик, азизлар! Ўринбой МЎМИНОВ.