РИВОЖЛАНТИРУВЧИ ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР

Фан ва техника тараққиёти барча соҳаларга ўз самарали таъсирини кўрсатмоқда. Жумладан, таълим-тарбия жараёнида ҳам инновацион технологияларнинг қўлланиши муҳим аҳамият касб этяпти.

Кейинги йилларда ўқув даргоҳларида ривожлантирувчи таълимнинг асосий мақсади ўрганувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини ўзлаштириш чоғидаги мустақил ижодий фаолиятларини кучайтиришга йўналтирилмоқда. Бунда тушунтирувчи-иллюстратив таълимда кўргазмалиликка урғу берилади. Бу ерда ўқитувчининг билим ва кўникмаларини шакллантиришда кўргазма ва бошқа ашёлардан фойдаланиши ҳамда улар асосида ўқувчиларнинг амалий ҳаракатларни бажаришга ундаши орқали мавзуни етарли даражада очиб бериши назарда тутилади.

Шундай самарали методлардан бири муаммоли таълим усулидир. Унинг моҳияти ҳақида таниқли психолог С.Л.Рубинштейн инсон онгининг ўзида мантиқий зиддиятларни мужассамлаштирган билимга оид муаммоларни ҳал қилиш орқали ривожланиш усули борасида қимматли фикрлар билдирган.

Таълим жараёнида дастурланган таълим, модулли таълим каби усуллар ҳам оммалашиб бормоқда. Буларнинг бари синфда дарс жараёнида амалга оширилади. Дарслар намунавий дастур асосида ташкил этилади. Унга таянган ҳолда ишчи ўқув дастурлари тузилади. Намунавий дастур фаннинг асосий йўналишларини белгилаб берса, ишчи  дастур дарсни қай тарзда ташкил этишни  кўрсатиб беради. Ана шу ҳужжатлар асосида дарс ишланмаси тайёрланади.

Нилуфар ИСМОИЛЖОНОВА, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети 1-босқич талабаси.