ЯНГИЧА ФИКРЛАШ – ЗАМОН ТАЛАБИ
Фикр агар яхши тарбият топса,
Ханжар, олмосдан бўлур ўткур.
Фикрнинг ойнаси олурса занг,
Руҳи равшан замир ўлур бенур.
Бугунги замон талаби ҳақида фикрлашдан олдин Абдулла Авлонийнинг ана шу сатрларига эътиборингизни қаратмоқчиман. Алломаларимиз фикр тарбияси ҳақида ана шундай пурмаъно ҳақиқатни келтирганлар. Ҳозирги кунда бунга қанчалик амал қилмоқдамиз? Кечагина бир таомхонада ҳисоб-китоб қилувчи катта ёшдаги кассирнинг газета мутолаа қилиб ўтирганини кўриб, шу ўй-хаёллар кўнглимдан кечди ва у инсонга ҳавасим келди. Чунки ҳозирда зиёли инсонлар орасида газета ўқиш «урф»дан қолган.
Болалик даврларимни эслар эканман, оиламиздаги ажиб бир муҳит кўз ўнгимда гавдаланади. Уйимизда алоҳида китоб жавонимиз бор эди. Отам ўқув ишлаб чиқариш комбинати директори, онам ҳамшира бўлиб ишлардилар. Оқшомлари оилавий китоб, газета мутолааси билан вақтимиз файзли ўтарди. Ота-онам ўқиган китоб, газеталарни менинг ҳам ўқигим келарди. Китобга бўлган муҳаббатим ана шу дамлардан бошланган.
Ҳозирги кунда эса зиёли ота телефонда интернетдан бош кўтармайди, зиёли она эса телевизордаги сериаллардан ортмайди. Бола улардан ўрнак олади…
Ўқитувчилар-чи? «Мажбурий обунадан қутулганмиз», -дея бонг уришади. Обуна бўлишни хоҳлашмайди.
Менимча, ўзини ҳурмат қилган педагог ўзи учун керакли бўлган нашрларга обуна бўлади. Бугунги кунда ўқувчиларни креатив фикрлашга ўргатиш, халқаро баҳолаш дастурлари талабларига жавоб бера оладиган қилиб таълим бериш – замон талаби. Бунинг учун ўқитувчи ўзи янгича фикрга эга бўлмоғи лозим. Фикр тарбияси эса албатта, китоб, газета-журналларни доимий мутолаа қилиш орқали бойиб боради.
Мен шу юрт фарзанди сифатида туманимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлардан хабардор бўлиш учун «Уйчинома» ва ўз касбий фаолиятим учун зарур бўлган «Мураббий» газеталарига обуна бўлдим. Ҳамкасбларимни ҳам, юртнинг зиёли инсонлари сифатида фаолликка чорлайман.
Муножат ЖУНАЕВА, 21-мактабнинг олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси.

