ҒАМХЎРЛИК НАМОЁН

Давлатимиз раҳбарининг: «Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида мен юртимизда 2020 йилга «Илм,  маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб ном беришни таклиф этаман», -дея йилга ном берганларида барча қатори мен ҳам севиниб кетдим.

2020 йилда соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланди. Хусусан, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш, ушбу мақсадларга шу йилнинг ўзида бюджетдан қарийб 1,8 триллион сўм маблағ ажратилиши соҳага бўлган эътибордан далолат. Ёки илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилиниши, бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиши ҳам ёшлар келажаги учун қилинаётган эзгу ишнинг бир кўриниши.

Олий маълумот олиш истагида бўлган ёшлар, хусусан, қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ҳам оптималлаштириш ҳақидаги таклифлар замирида ҳам ғамхўрлик намоён.

Биз, курсантлар Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларини ўқиб-ўрганиб, уни кенг тарғиб этишда фаол қатнашяпмиз. Жумладан, мен таътил чоғида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Наманган академик лицейида ўқувчи-ёшлар, туман мудофаа ишлари бўлимида бўлажак аскарлар билан учрашиб, тарғибот тадбирларини ўтказдим. Уларга мавзу юзасидан тушунчаларини бойитиб, институтимиз фаолияти ҳақида сўзлаб бердим.

Шуҳратжон МАМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институтининг 2-босқич курсанти.