БЮДЖЕТ МАБЛАҒЛАРИ ҚАЙТАРИЛДИ

Наманганлик Ш.Н. олий маълумотга эга мутахассис сифатида ўз ишини пишиқ-пухта эгаллаган кадр бўлгани боис унга диспансернинг бош ҳисобчиси вазифаси ишониб топширилганди. Бунга қадар Ш.Н. бир неча бор судланган бўлишига қарамай, ходимга яна бир бор ишонч билдирилди. Бироқ «ўрганган кўнгил» яна қинғир ишлар ортидан текин даромад топиш йўлларини излай бошлади. Бу ноқонуний ишларда унга ходими М.Г. кўмакчилик қилди. Икки ҳамтовоқ ўзаро тил  бириктириб, диспансердан ишдан бўшатилган, декрет таътилига кетган ходимларга иш ҳақи ёзиб, имзоларни қалбакилаштирган ҳолда ушбу пулларни ўзлаштира бошлашди. Ушбу ноқонуний фаолият орқали 2015 йилдан 2019 йилгача ўзларининг ихтиёрларидаги бюджет маблағларининг 389370938 сўм  миқдорини ўзлаштирган Ш.Н. ва М.Г. давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказишди.

Ушбу иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Айблунувчилар Ш.Н. ва М.Г.лар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазога тортилишди. Ўзлаштирилган пул маблағлари тўлалигича давлат ихтиёрига қайтарилди.

У.НОМАНОВ, туман прокурори, адлия маслаҳатчиси. .