ИСБОТ ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ШАРТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 9-боби «Исбот қилишнинг умумий шартлари» деб номланган бўлиб, мазкур боб 85-951-моддаларни ўз ичига олади. Исбот қилиш ишни қонуний, асосланган ва адолатли ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги ҳақиқатни аниқлаш мақсадида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашдан иборатдир. Исбот қилишни суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд амалга оширади. Исбот қилишда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, ҳимоячи, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Далиллар тергов ва суд ҳаракатларини юритиш: гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини, гувоҳни, жабрланувчини, экспертни сўроқ қилиш; юзлаштириш; таниб олиш учун кўрсатиш; кўрсатувни ҳодиса рўй берган жойда текшириш; олиб қўйиш; тинтув; кўздан кечириш; гувоҳлантириш; мурдани эксгумация қилиш; эксперимент ўтказиш; экспертиза тадқиқотларини ўтказиш учун намуналар олиш; экспертиза ва тафтиш тайинлаш; тақдим этилган ашёлар ва ҳужжатларни қабул қилиш; телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб борилган сўзлашувларни эшитиш, шунингдек, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш йўли билан тўпланади.

Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш жараёнида фуқароларнинг, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини қўриқлаш таъминланиши керак.

Исбот қилишда қуйидагилар тақиқланади:

-шахсларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш;

-зўрлик, пўписа қилиш, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар билан кўрсатув, тушунтириш, хулосалар олишга, экспериментал ҳаракатларни бажаришга, ҳужжатлар ёки буюмлар тайёрланишига ва берилишига эришиш;

-тунги вақтда, яъни кеч соат 22.00 дан эрталаб соат 6.00 гача тергов ҳаракатлари олиб бориш. Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятнинг олдини олиш, жиноят изи йўқолишига ёки гумон қилинувчининг қочиб кетишига йўл қўймаслик, эксперимент жараёнида текширилаётган ҳодисанинг ҳолатини қайтадан тиклаш зарурати бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Тергов ёки суд ҳаракатлари билан боғлиқ ишларни бажараётганда, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва ишда мутахассис ёки эксперт сифатида иштирок этаётган шифокорлардан бошқа шахсларнинг ўзга жинсдаги шахсни яланғоч қилиб ечинтириш чоғида ҳозир бўлишлари тақиқланади.

Фарҳоджон ШАРИПОВ, жиноят ишлари бўйича туман судининг девонхона мудири.