ИСМИМИЗГА МУНОСИБ БЎЛАЙЛИК
Бу оламда гўзаллик, кўркамлик, мафтункор нафосатнинг табиий тимсоли, рамзи ҳисобланувчи нарсалар беҳисобдир. Бизни ўраб олган олам ҳақида хаёл сурганимизда, энг аввало, гўзаллик тимсоли бўлган аёлларни эслаймиз.
Атоқли адиблардан бири айтганидек: «Ердаги барча гўзалликлар аёлларга муҳаббат туфайли юзага келган». Ана шу муҳаббат ва гўзаллик аёлларнинг исмида ҳам намоён бўлади.
Бизнинг аждодларимиз болага исм қўйишда масъулият билан ёндашган. Ўзбек қизларига берилган исмларда одоблилик, меҳрибонлик, вафо, нафислик, бокиралик ва ҳаё каби фазилатлар ўзининг бетакрор тавсифини топган. Айниқса, бир қатор қизлар исмида гул сўзи иштирок этади. Бу сўз қўшиб айтилган исмлар қизларга хос латофатни ифодалайди. Масалан, қуйидаги исмларда қизларнинг кўриниши, жамоли гулга қиёс қилинади: Гулбаҳор, Гулжамол, Гулюз, Гулчирой, Гулсанам, Гулчеҳра…
Аммо жуда кўп ҳолларда айрим қизларимиз бу гўзал исмларни бузиб талаффуз қилишларини кузатамиз.
Улар ушбу исмларни «Гули» ёки «Гуля» тарзида қисқартириб айтишади. Ахир, бизнинг ота-боболаримиз қиз болани чиройли исмлар билан номлаш асносида уларни гўзал хулқ эгаси қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор беришган-ку! Нима учун бу гўзал анъанани давом эттира олмаймиз?
Келтирилган фикрлар ва исмлардан кўринадики, ўзбек қизларининг исми ва маъно шаклига кўра, гўзаллик ва нафосатнинг бетакрор гулшанидир. Бу гулшанга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш, энг муҳими, исми жисмига муносиб бўлиши жуда ҳам зарур. Менимча, ўзбек қизларининг ибо-ҳаёси гўзал хулқлари кўпроқ исмларда намоён бўлади. Чунки гўзал исм – гўзал хулқ белгиси саналади. Бироқ замонамизнинг айрим қизларида бунинг акси намоён бўлаётгани ғоят ачинарлидир. Муҳтарам қизларжон! Шундай қилингки, ота-онангиз сизга орзу-ҳаваслар билан қўйган исмлари учун афсус чекмасинлар.
Насиба ИБРАГИМОВА, 7-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

