ФАОЛИЯТ НАМУНАЛИ ДЕБ ТОПИЛДИ

Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида ўқув-амалий семинар ўтказилди. У мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 мартдаги «Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5696-сонли фармойиши ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 4254-сонли қарори ижроси, «Қутуриш касаллигининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ойлиги»ни уюшқоқликда ўтказишга бағишланди. 

Мазкур фармойиш ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида аҳоли ва фермер хўжаликларига қарашли сигир ҳамда қочириш ёшидаги урғочи таналарни сунъий уруғлантириш ишларини амалга ошириш учун вилоят «Чорванасл» агентлиги ташкил этилди.  Туманимизда ҳам «Чорванасл» маркази ўз фаолиятини бошлади ва у ерда 7 нафар мутахассис иш билан таъминланди.

Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Эркинжон Аҳмадалиев Уйчи, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларидан 5 нафардан техник оссеминаторларга  велосипед, махсус Дьюар идиши, ноутбук ва планшетлар топширди.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Зарбдор 70 кунлик» деб эълон қилинган бўлиб, қиш мавсумида аҳоли ва фермер хўжаликларига қарашли қишлоқ хўжалиги ва уй ҳайвонларини юқумли касалликларга қарши эмлаш ишларини амалга ошириш, юритилаётган ҳужжатларни  расмийлаштириш юзасидан амалий кўрсатмалар берилди.

Юқоридаги қарор ва фармойишлар ижросининг изчиллик билан таъминланишида Уйчи туманида намунали иш олиб борилаётгани семинарда алоҳида эътироф этилди. Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбари Валижон Болтабоев ҳамда жамоа ишчи-ходимларига миннатдорчилик билдирилди. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.