«ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ: МУАММОЛАР, ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР»
4 февраль куни туман ҳокимлигида ана шу мавзуда журналистлар ва тумандаги ижтимоий тармоқлар администраторлари иштирокида илк бор матбуот анжумани ўтказилди. Унда соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарлари ва мутасаддилар иштирок этдилар.
Тадбирни туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммадали Қамбаров очди ва биринчи бор ташкил этилаётган матбуот анжуманидан кўзда тутилган мақсад ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Бекзод Баҳриддинов фаолият юзасидан ахборот берди.
Матбуот анжумани иштирокчилари томонидан электр таъминотидаги узилишларни тартибга солиш, келгусидаги режалар ҳақидаги саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. Бундай матбуот анжуманларини ҳафтада бир марта ўтказиб бориш бўйича таклифлар билдирилди. Боиси, ОАВ вакилларини қизиқтираётган мавзулардаги саволларга жавоб бериш ҳар бир раҳбарнинг халқ олдидаги бурч ва масъулиятини эслатиб туради. Ўз навбатида, аҳолини қийнаётган долзарб масалаларни олиб чиқиш ва унга ечим топиш-да журналистлардан ҳам алоҳида масъулият талаб этилади.
-Айтиш жоизки, анжуман ташкил этилиши, ўтказилиш савияси жиҳатидан юқори даражада олиб борилди. Мутахассис сифатида бу тадбирдан кўнглим тўлди, -дейди «Уйчинома» газетаси бўлим мудири Абдулҳаким Нишонов.
Матбуот анжумани якунида туман ҳокимининг ўринбосари Мухторжон Бобожонов сўзга чиқиб, келгусидаги вазифалар ҳақида тўхталди ва мавзуларни ёритишда очиқлик, холисликка чақирди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

