«ОБОД ҚИШЛОҚ»ДАГИ ШИНАМ МУАССАСА
Ёркатай маҳалласи ҳудудида жойлашган 9-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1968 йили ташкил топган бўлиб, кўримсиз, пастқам, бир қаватли бинода жойлашган эди. Бундан бир йил аввал муассасада бўлган киши унинг ҳозирги қиёфасини кўриб, қурувчи-ю архитекторларнинг фидойи меҳнатига тасаннолар айтиши, шубҳасиз. Бино шундай чиройли, шинам ва болажонлару бу ерда ишловчилар учун барча қулайликлар яратилган ҳолда қурилганки, кўрган кишининг ҳаваси келади. Эшикдан киришдан тортиб ҳар бир машғулот хонасигача бўлган жойдаги гўзал манзаралар, суратларни кўриб, баҳри дилинг очилади, яна қайтадан туғилиб, болаликка қайтгинг келади. Умуман олганда, шароитларга гап йўқ.
1 февраль куни муассасанинг тантанали очилиш маросимида қатнашган туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов, меҳнат фахрийси Тошпўлат Солиев, Ёркатай МФЙ раиси Парпибой Улуғхўжаев, муассаса мудираси Раънохон Юсуфбоеванинг самимий тилаклари жамоага куч-ғайрат бағишлади.
-Мазкур муассасамиз «Обод қишлоқ» дастури асосида шундай замонавий қиёфага кирди, -дейди туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаева. -2-сектор раҳбари, туманимиз прокурори Улуғбек Номанов ҳамда Аҳмаджон Маматалиев бошчилигидаги «Сифат кафолат» хусусий фирмаси қўли гул бунёдкорларидан бағоят миннатдормиз. Улар бинони қуриш жараёнида сифатга алоҳида эътибор қаратишди. 2 млрд. 375 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган муассасада жаҳон андозалари талаблари даражасидаги ҳамма шарт-шароит мавжуд. Бунга ўзлари шоҳид бўлган ота-оналар, ёши улуғ нуронийларимиз ҳам беҳад мамнун бўлишди. Умиджон СУЛТОНОВ.

