МАҚСАДЛАРИ МУШТАРАК УСТОЗ
«Ҳаёт – мисоли чархпалак», -дейилганда нақадар ҳақ гап айтилганига яна бир бор тасаннолар айтасан, киши. Буни қаранг, бўш челаги навбати билан сувга тўлади, энг юқори нуқтага етиб чиққач, аста-секин уни ариқчага тўкиб, атрофга улашади. Инсон ҳам шу тахлит. Ҳаёт сўқмоқларида бор ақли ва илми тўлиб боради. Пишиб-етилгач, бу тажрибасини бошқаларга улаша бошлайди.
Акбаржон ака Нишонов фаолиятининг аксар қисми ёшларга таълим-тарбия бериш билан ўтди. Лекин у устоз бўла туриб ҳам ҳеч қачон ўз устида ишлашдан, ўрганишдан, ўқишдан чарчамайди. Илм олади. Китоб ўқишдан лаззат олиш, ундан роҳатланишни билган киши – энг бахтиёр инсон. Акбаржон Нишонов ана шундайлар тоифасидан.
Бу ҳақда устознинг болаликдан бирга ўсиб-улғайган дўсти Олимжон Иззатиллаев шундай дейди:
-Акбаржон – том маънодаги китобхон. У нафақат асарларни яхши билади, балки муаллифларнинг услубларини ҳам кенг таҳлил қилади. Умуман, у билан бирор масалада баҳслашиш ўта мушкул.
Акбаржон ака болалигидан эркин кураш билан шуғулланган. Таниқли мураббий Сотиволди Насриддиновнинг биринчи шогирдларидан саналади. Ёшлигида вилоят, республика миқёсида ҳавас қиларли натижаларга эришган. Спортчига хос қатъият, сабр, ирода ака феълидаги энг ибратли хусусиятлардан. Ҳозир ҳам спорт унинг «хобби»си. Ҳеч ким қизиқмайдиган сноуборд, кёрлинг, гольф, бильярд спорт турлариниям бемалол таҳлил этиб, етакчи ўйинчилар ҳақида тўлиқ маълумот беради. Аммо футбол – унинг жону дили. «Барселона» севимли жамоаси бўлгани боис, «Барса»чилар у билан суҳбатга ошиқади. Аксига олиб, «Реал»чилар ҳам уни қидириб юришади. Тортишув, мунозарада ҳам акадан кўп нарса олиш, ўрганиш мумкинлиги учун шундай. Қаҳрамонимиздан ўрганадиган яна бир муҳим хислатни унинг қадрдонларидан бири – таниқли ижодкор устоз, ҳамкасбим Ўринбой ака Мўминов айтиб қолди:
-Нишонланадиган ҳар бир тантана, ҳар бир байрамда, туғилган кунимда эрта тонгда Акбаржон биринчи бўлиб табриклайди мени. Ҳатто фарзандларим ҳам ундан аввал табрикламайди.
******
-Мен тўғримда ёзиш шарт эмас, -деб қолди Акбар акам (кўпчилик қатори мен ҳам шундай деб чақираман). -Нима, мен туманда катта амалдор бўлиб ўтибманми-ки, газетада ёритсанг.
-Ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтиш учун бирор лавозим курсисини банд қилиш шарт эмас, -дея жавоб қайтардим. Бу гапим маъқул бўлдими, билмадим, мийиғида кулиб қўйди.
Розилигини олганимдан қувониб, оёғим «олтита» бўлиб, ортга қайтдим. Хонамга киришим билан ортимдан устоз Жамолиддин Комилов қувиб кирди. Очиғи, у кишини диллаб тургандим. 90-йиллар бошида ЎзХДП туман кенгашида бирга ишлашган, ҳамкасб сифатида Акбар акамни яхши билади. Жамолиддин ака мендан аввал гап бошлаб қолди:
-Акбаржон ишига жуда пухта, тиришқоқ кадр бўлган. Бир ишга киришса, бошқа нарсани четга суриб, шунинг охирига етарди.
…Ўзим ҳам шу ҳақда фикр бермоқчи бўлиб тургандим. Ўша йиллари институтни янги тамомлаб, меҳнат фаолиятимни энди бошлаган пайтим. Акбаржон Нишонов ташаббуси билан партия ҳомийлигида туманда шахмат мусобақаси ташкил қилинди. Ўзим ҳам иштирок этганман. Туман бўйича энг тажрибали шахматчилар жам бўлганди ўшанда. Ҳар бир тўқнашув алоҳида «мастер класс»га айланиб кетган. Чинакам шахмат форумининг гувоҳига айлангандим. Кейинчалик жамоа хўжаликлари ўртасида футбол биринчилиги юксак савияда ўтди. Туман «Пахтакор» стадиони томошабинга лиқ тўлган. Ўйинлар савияси ҳам шунга яраша бўлганди.
******
Сабарали ота Нишонов оиласида туғилган кенжа ўғлига Акбаржон деб ном берди. Ҳовлининг этаги кенг тутзорга туташ, Аллаариқнинг ўйноқи сувларидан ёзнинг жазирамасида ҳам салқин ҳаво уфуриб турган чанг йўллар… Қурт боқиш мавсумида бирин-кетин каллакланган тутлар манзараси. Буларнинг бари қаҳрамонимизнинг болалик хотираларидан нишона. Ҳозир бу ерларда аста-секин уйлар қад ростлади, кенг йўллар торайди. Шовқини қулоқни қоматга келтирадиган Аллаариқнинг ҳам аввалги ҳайбатидан нишона йўқ. У ҳам сокин, ўйчан, кекса одамдай мулоҳаза юритаётгандай, гўё. Акбаржон Нишоновнинг умр йўлларига гувоҳ, ҳамроҳ, йўлдош бўлган жойдир бу. Кечагина чанг кўчаларни ялангоёқ чопиб юрган болакай, бугун мана устозлари Ҳожимирза Каримов, Саидлуқмон Шарипов, Маҳаммаджон Мусаев, Аҳмаджон Мамажонов, Турсунбой Маллабоевлар каби қутлуғ ёшда. Уларнинг ҳар биридан ўзлаштирган илмни, феъл-атворни энди аканинг сурати ва сийратидан топа оласиз. Аждодлар ўгитининг авлодларга сингиб бориши манзарасидир бу. Бир вужудда унган маънавий мерос бугун қанчадан-қанча ёш авлод қалбига сингиб бораётган, аканинг издошлари, шогирдлари сафи қанчалар тўлиб бораётганининг ҳисобини ололмайсан, киши.
Ота ҳовлининг чироғини ёқиб ўтирган Акбар акам Саидахон опа билан бир ўғил, уч қизни тарбиялаб, касб-корли, уйли-жойли қилишди. Бир этак набиралар қучоғида ардоқда бўлган қаҳрамонимизнинг эртанги режалари талайгина. Тумандаги 6-мактабда ёшларга география фанидан сабоқ бериб келаётган муаллимимизнинг этагидан тутган ёш кадрлар ҳам кўп. Шундай мақомга эга бўлишнинг ўзи бир омад, Яратганнинг марҳамати.
«Акбар ака, болаларга «тарбиявий соат» дарсини сиз кабиларга ўқитиш керак», -деб қолди суҳбат, гурунг чоғида бир танишимиз. Айни ҳақиқатни айтганди у шу тобда. Ака ўзбек халқининг урф-одати, удумларини яхши билиш билан бирга бошқа халқларга хос феъл-атвор, хусусиятларниям яхши ўрганган, илмий асосда бой қиёсий таҳлиллари бор. Ёшлар қалбида ватанпарварлик руҳини шакллантиришда айнан унинг билими асқотади.
Бу гапларда жон бор, албатта. Қаҳрамонимизнинг энг қадрдонларидан саналган инсон, «Уйчинома» газетасининг собиқ муҳаррири, фахрий журналист Абдубанно ака Холмоновнинг қуйидаги гаплари буни яна бир карра исботлайди:
-Акбаржон ҳақиқий ишончли дўст. У ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда яқинини сотмайди, унга хиёнат қилмайди. Ҳар қандай шароитда оғирликни ўзига олса, олади-ки, дўстга панд бермайди.
Устознинг ушбу таърифини Акбаржон Нишоновнинг кўпгина яқинлари ҳам эътироф этишди. Чинданам, ёшларга тарбия берадиган муаллимнинг феъл-атвори шунақа бўлиши керак.
******
Булут топган-тутганини ерга сочади, ризқ улашади. Шунинг учун ҳам унинг қўрғони кўкда, юксакликда, бошимиздан тепада. Камтарин ва камсуқум инсон Акбаржон Нишонов ҳам бор тўплаганини ёшлар онгига сингдириб келган, зиё тарқатувчи илм-маърифат эгаси сифатида бошимиз узра кўтаришга лойиқ инсон. Бугун нишонланаётган табаррук 60 ёшингиз муборак бўлсин, Акбаржон ака! Дуо қилинг-ки, ортингиздан эргашаётган издошлар, шогирдлар, укаларингизга ҳам Яратган сизнинг йўлингиз, сизнинг қутлуғ ёшингизни берсин. Абдул ҲАКИМ.

