ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАР ВА МОДДИЙ ЁРДАМ ТАЙИНЛАШДАГИ ЎЗГАРИШЛАР
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари ва унга 2019 йил давомида киритилган ўзгартиришлар тўғрисида тумандаги барча МФЙ раислари, масъул котиблар, туман аҳоли БКМ ҳудудий инспекторлари ҳамда ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгаши ходимлари иштирокида кенгайтирилган ўқув семинари ўтказилди.
Унда мутахассислар томонидан мавзуга доир тушунчалар берилди. Хусусан, 2020 йил 1 февралдан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, 2 ёшгача бола парвариши бўйича оналарга бериладиган нафақа ва кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдамнинг қуйидаги миқдорлари белгилаб берилганлиги, яъни 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа:
-битта болали оилаларга – 131000 сўм;
-иккита болали оилаларга – 217000 сўм;
-учта ва ундан ортиқ болали оилаларга – 304000 сўм;
-2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа – 434000 сўм;
-кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам – 326000 сўмдан 653000 сўмгача;
-Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам – 434000 сўмдан 1085000 сўмгача этиб белгиланганлиги тушунтирилди.
Туман молия бўлими мудири ўринбосари А.Маҳмудов қонунларимизга киритилаётган ўзгаришларни ўз вақтида ўқиб бориш ва унга амал қилишни таъкидлаб ўтди. Саволларга жавоблар қайтарилди.
Б. СИДДИҚОВ, туман молия бўлимининг 1-тоифали иқтисодчиси.

