ҚОНУН БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган «Мактабгача таълим ва тарбия  тўғрисида»ги Қонун 11 боб, 58 моддадан иборат бўлиб, асосий мақсад мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Жумладан, алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болалар – ногиронлиги бўлганидан ёки бўлмаслигидан қатъи назар, оила, педагоглар, мутахассислар, жамият ва давлатнинг алоҳида эътиборига муҳтож бўлган индивидуал эҳтиёжларга эга болалар;

-давлат мактабгача таълим ташкилоти – давлат томонидан молиялаштириладиган ва бошқариладиган ҳамда мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ мактабгача таълим ва тарбия хизматлари кўрсатувчи ташкилот;

-инклюзив таълим ва тарбия – болаларнинг алоҳида таълим олишга бўлган эҳтиёжларини ҳамда индивидуал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда таълим ва тарбия олиши учун тенг имкониятларни таъминлайдиган жараён;

-мактабгача бўлган ёш – болаларнинг туғилган пайтидан етти ёшгача, то уларга умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим бериш бошланган пайтга қадар бўлган ёши;

-мактабгача таълим ва тарбия – болаларга таълим ва тарбия беришга, уларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, этик, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек, болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим тури;

-мактабгача таълим ва тарбия давлат стандарти – таълим-тарбия жараёнининг ҳажмига, мазмунига ва сифатига, мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва жиҳозлашга, шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом овқатланишини ва хавфсизлигини ташкил этишга доир мажбурий талаблар мажмуи;

-мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури – бола томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган асосий билимларнинг, маҳорат ва кўникмаларнинг ҳажмини ҳамда мазмунини белгиловчи, шунингдек, таълим ва тарбия мазмунининг ўзига хослигини, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятларини тавсифловчи ҳужжатдир.

Мактабгача таълим ташкилотига  мактабгача таълим ва тарбия соҳасида таълим ва тарбия хизматлари кўрсатувчи давлат ва нодавлат ташкилоти киради. Нодавлат мактабгача таълим ташкилоти дейилганда, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишга доир лицензия асосида мактабгача таълим ва тарбия соҳасида таълим ва тарбия хизматларини кўрсатувчи юридик шахс тушунилади.

Педагогнинг касбий стандарти, бу мактабгача таълим ташкилоти педагогининг шахсий касбий сифатлари, билимлари, маҳорати ва кўникмаларига доир асосий талаблар мажмуидир.

Орифжон ХУДОЙБЕРДИЕВ, туман МТБ шўъба мудири.