ҚЎШИМЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ
Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган «Халқ давлат идорасига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоя барча соҳа қаторида иқтисодиётимиз ривожини ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтармоқда. Сабаби, бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш тартиб-таомиллари соддалаштирилиб, ишбилармонларнинг эмин-эркин иш юритишлари учун қўшимча имтиёзлар бериляпти.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир. Ушбу қарор бизнес вакилларига кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг амалий тасдиғи бўлди.
Негаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолияти янада кенгайтирилмоқда. Бу, аввало, юртдошларимизнинг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқаришга кенг йўл очиб беради.
Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда «ягона дарча» марказлари томонидан 16 турдаги хизмат кўрсатилаётган эди. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари орқали кўрсатиладиган қўшимча давлат хизматлари жорий этилади. Жумладан, фармацевтика фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия, вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситалари рекламасини жойлаштиришга рухсатнома, Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучларни жалб қилишга рухсатнома, ўз тармоғини яратиш ҳуқуқисиз маъ-лумотларни узатиш тармоқлари орқали провайдер хизматлари кўрсатишга лицензия берилади.
Эндиликда тадбиркорлик субъектларининг лицензия ва рухсатномаларни олиш учун идорама-идора юришларига ҳожат йўқ. Буларнинг барчаси тадбиркорлик субъектларининг вақтини тежаш, сарф-харажатларни камайтириш, сансалорликларнинг олдини олиш, пировардида ишбилармонлик ҳаракатини умуммиллий ҳаракатга айлантиришга хизмат қилади.
Шокиржон ЮЛЧИБОЕВ,
вилоят Адлия бошқармасининг туман «Ягона дарча» маркази мутахассиси.

