АМАЛГА ОШМАГАН ҚАБИҲЛИК
Мустақил ҳаёт бўсағасида турган қизнинг ўйида не-не орзу-хаёллар ҳукм суради. Айниқса, бўлажак турмуш ўртоғи билан илк учрашувга чиқиши арафасида уни энг эзгу ният, мақсадлар чулғаб олади.
Ҳалима (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан ҳам шундай бўлди. У Акрам исмли йигит билан кўришиши олдидан ўзича суҳбат режасини тузиб чиқди, хаёлан гаплашди, йўл-йўлакай бўлажак суҳбат жараёнини тасаввуридан ўтказди. Аммо илк учрашувданоқ «тарвузи қўлтиғидан тушди». Орзу-умидлари бир лаҳзада парчаланди. Акрам илк суҳбат жараёнини диний экстремистик ғояларга йўғрилган «жиҳод», «ҳижрат» мавзуларига буриб олди. Ўзбекистондаги мавжуд тузумни қоралаб, амалдаги қонунчиликни ўз билганича талқин этишга тушиб кетди. Тўйдан сўнг ҳақиқий исломий яшаш тарзига амал қилишларини, Туркия давлатига жўнаб кетишларини айтди.
Ушбу суҳбат Акрам Сулаймоновнинг ўз хайрихоҳларини қидириш йўлидаги энг сўнгги омадсиз уринишларидан бири бўлди. Қарангки, турмуш қуриш истагида учрашувга келган қиз ҳам унинг пуч ғояларини қабул қилмади.
Акрам Сулаймоновнинг бундай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши 2014 йили Россиянинг Иваново шаҳарчасидаги тикув цехларидан бирида ишлаб юрган кезларидан бошланди. «Одноклассники.ру» сайтига беихтиёр кириб қолган Акрам ундаги диний экстремистик ғоялар хайрихоҳларининг маърузаларини тинглашга, уларни ўз ҳаёт тарзининг бир бўлагига айлантиришга ҳаракат қилди. Сайтдаги «жиҳодчилар» диний экстремистик оқими етакчилари маърузаларини ўз уяли телефонига ўтказиб олди.
Аста-секин А.Сулаймонов цех ичидан ўзига тарафдорларни қидира бошлади. Цехдаги ҳеч бир ўзбек йигити унга эргашмади. Аксинча, унинг ғоялари пуч эканини, бу йўлдан қайтишини, акс ҳолда буткул алоқани узишларини уқтиришди.
2015 йили иш жойини Қозоғистоннинг Алмата шаҳридаги тикув цехига алмаштирган қаҳрамонимиз у ерда ҳам ўша қабиҳликларини давом эттирди. Бироқ янги манзилда ҳам унга бирорта хайрихоҳ топилмади.
Охир-оқибат, туғилиб ўсган жойи – Наманган шаҳрига қайтиб келган Акрам қўлида мавжуд ғайриқонуний маълумотлар, маърузалар матнларини атрофдагиларга тарқатишга, ўзи қулига айланган ғояларни бошқаларга сингдиришга уринди. Аммо барча саъй-ҳарактлари ҳавога совурилди.
Тез орада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан А.Сулаймоновнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида кўриб чиқилди. Судланувчи айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдирди.
Қаҳрамонимиз ўзи танлаган йўл нотўғри эканини, афсуски, суднинг қора курсисидагина фаҳмлаб етди. Энди у хулоса қилиши учун панжара ортида вақт етарли. Бироқ ёшликнинг гулдай даврини ана шу кунларга алмашиши учун арзирмикан?
Нодиржон ЖАЛОЛОВ,
Республика Бош прокуратураси Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик, солиқ ва божхона хизмати органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи в.б.,
Усмонжон ҚОБИЛОВ,
вилоят прокуратураси 20-бўлим бошлиғи.

