ПРОФЕССОРЛАР ТАШРИФИ

Замон билан ҳамнафас бўлиш давр талабидир. Ҳар бир жабҳада бўлгани каби бугунги кунда таълим тизимига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Эндиликда масофадан туриб таълим олиш ёки хорижий давлатлар олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан ўзаро тажриба алмашиш учун ҳам ёшларга катта имкониятлар эшиги очилди.

Яқинда мактабимизга Россия Федерациясининг Россия Халқлар дўстлиги университети профессорлари Колесников Андрей Викторович ҳамда Коноваленко Ирина Юрьевналар ташриф буюришди. Даставвал, меҳмонлар, мактабдаги шарт-шароитлар билан танишиб, ўқувчилар томонидан тайёрланган кўргазмаларни кўздан кечирдилар.

Шунингдек, профессорлар ўқувчилар билан машғулот олиб боришди. Ўқувчилар кўплаб маълумотларга эга бўлиш билан биргаликда, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Бундай олиб борилаётган ҳамкорлик ишлари таълим тизимининг янада ривожланишига катта туртки бўлмоқда. Зеро, ҳамкорлик тараққиёт омилидир.

Наргиза НИШОНОВА, 6-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси.