ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЖАВОБГАРЛИГИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 81-моддасида вояга етмаганларга нисбатан тайинланадиган жазо тизими белгиланган. Унга кўра, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:
а) жарима – жарима энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробаридан йигирма бараваригача миқдорда тайинланади.
а1) мажбурий жамоат ишлари – мажбурий жамоат ишлари фақат меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан олтмиш соатдан икки юз қирқ соатгача бўлган муддатга тайинланади. Мажбурий жамоат ишлари вояга етмаганларнинг соғлигига ва маънавий жиҳатдан ривожланишига зарар етказмаслиги, ўқиш жараёнини бузмаслиги лозим.
Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар томонидан мажбурий жамоат ишларини бажариш муддати, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, олти ой давомида кунига икки соатдан ошмаслиги, маҳкумга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда эса бир йилгача бўлган муҳлатда кунига икки соатдан ошмаслиги керак.
б) ахлоқ тузатиш ишлари – ахлоқ тузатиш ишлари фақат меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан ўз иш жойида ўташ, айбдор ҳеч қаерда ишламаса, ушбу жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган ўзи яшайдиган ҳудуддаги бошқа жойларда ўташ тариқасида бир ойдан бир йилгача муддатга тайинланади.
в1) озодликни чеклаш – асосий жазо чораси сифатида олти ойдан икки йилгача муддатга тайинланади.
г) озодликдан маҳрум қилиш – жазоси олти ойдан ўн йилгача муддатга тайинланади. Жиноят кодекси 86-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас.
Ўн уч ёшдан ўн олти ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида жазо тайинланганда, озодликдан маҳрум қилишнинг энг кўп муддати ўн йилгача, агар содир этган жиноятларининг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн икки йилгача тайинланади.
Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси – ўн икки йилгача муддатга, агар содир этган жиноятларининг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн беш йилгача муддатга тайинланиши мумкин.
Жиноят содир этиш пайтида ўн уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан бир неча ҳукм юзасидан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати ўн беш йилдан ошмаслиги керак.
Вояга етмаган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганда, суд ушбу кодекснинг 72-моддасида назарда тутилган асос ва шартлар мавжуд бўлса, шартли жазо белгилаши мумкин.
Ж.МАМУРОВ, жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.

