МАНМАНЛИК
Бизда «манманлик» деб аталадиган салбий сифат арабларда «ужуб» дейилади. Маъноси кишининг ўзида бирор нарсадан ўзи ажабланиши ва мақтанишидир. Манманлик уламолар истилоҳида қуйидагича таърифланади: «Ужуб – манманлик неъматнинг ўзининг фазлидан эканлигига ишониш ва неъмат берувчи Зотни унутишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда манманликни қоралаб, «Тавба» сурасида: «Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизнинг кўплигингиз манманликка олиб борган ва мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз», деган (25-оят). Ҳунайн уруши Маккаи мукаррама фатҳидан кейин бевосита бошланганидан унга мазкур фатҳда иштирок этган фотиҳлардан ташқари фатҳ сабабли янги мусулмон бўлган Макка аҳли ва бошқа кўпгина томонлар ҳам чиқишган эди. Ҳамма янги ғалаба, исломнинг зоҳир бўлиши нашидасини сурар эди. Кўпчилик: «Энди иш битди, мусулмонларга ҳеч ким бас кела олмайди», -деган фикрда эди. Биринчи марта мусулмон лашкари ўн икки минг кишилик катта лашкарга айланган эди. Кишиларни бу улкан адад ғурурга кетгазиб қўйганди. Уларда: «Озлик чоғимизда қанчадан-қанча душманларнинг устидан ғолиб чиққанмиз-ку, шунча катта сонга эга бўлиб туриб, ўзимиздан оз сонли мушрикларни енга олмасмидик», -деган манманлик пайдо бўлган эди. Аммо уруш қизиган пайтда мушриклар қўйган пистирмадан тўсатдан қақшатқич зарбага учраган мусулмонлар ўзларини дарҳол ўнглай олмай қолдилар. Ҳатто ўз Пайғамбарини ҳам ташлаб қочдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам манманликнинг оқибати ёмонлиги ҳақида бир қанча ҳадислар келган.
Абу Ҳурайра (РА)дан ривоят қилинади: «Набий (САВ): «Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб, юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди, энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бора-веради», дедилар». Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб тураркан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. Қарангки, такаббурни ер ҳам кўтариб юришни хоҳламай, ютиб юбораркан.
Муқаддас динимизда манманликнинг зарари қуйидагича белгиланган:
-манманлик гуноҳларни унутишга ва тавбани кечиктиришга олиб боради;
-манманлик тоатларни озайтиради ва уларда нуқсонга йўл қўйишга сабаб бўлади;
-манман кишининг ҳаракатлари беҳудадир;
-манманлик ғурурга ва одамлардан ўзини юқори тутишга олиб боради ва уларнинг ёмон кўришларига сабаб бўлади;
-манман одам ўзини ўзи ҳалок қилади.
Манманлик кибрга олиб боради, кибрдан эса кўплаб офатлар туғилиши сир эмас. Агар манманлик ва кибр жам бўлиб қолса, иккиси барча фазилатларни йўққа чиқаради ва ҳамма разолатларни жалб қилади. Кимда мазкур икки нарса зоҳир бўлса, насиҳатга қулоқ осмайди ва тарбияни қабул қилмайди.
Банда яхши билиши лозимки, ундаги барча хислатлар, фазллар ва амалларни Аллоҳ таолонинг Ўзи халқ қилган. Бас, шундай экан, олимнинг илми ила, омининг амали ила, бойнинг бойлиги ила, кучлининг қуввати ила, чиройлининг чиройи ила манманлик қилиши беҳудадир. Чунки ўша нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг фазлидандир. Абу Ҳурайра (РА)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (САВ): «Ҳеч қачон бирор киши ўз амали билан жаннатга кира олмас», -дедилар. Одамлар: «Сиз ҳамми эй, Аллоҳнинг расули?» -дейишди. У зот: «Мен ҳам. Магар Аллоҳ мени ўз раҳмати ва фазли ила ўраб олгандагина (кира оламан)», -дедилар. Шарафли насаб эгаси ота-боболарининг шарафи ила нажот топишни хаёл қилади. У билиб қўйсинки, боболари тоат-ибодат ва ижобий сифатлари ила шарафли бўлганлар. Насаблари билан эмас. Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақводорингиздир», -деган (13-оят).
Саммак ибн Ҳузайфанинг отасидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (САВ): «Эй, Фотима, Расулуллоҳ қизи! Аллоҳ учун яхши амал қил! Мен қиёмат куни сенга Ал-лоҳдан бўладиган бирор нарсани қайтара олмайман», -дедилар. Баъзи кишилар шарафли насабга мансуб одам яқинларининг шафоатидан умидвор бўлиши мум-кин дейдилар. Барча мусулмонлар шафоатдан умид-ворлар. Гоҳида дўзахга тушган шахснинг ҳам шафоат қилиниши мумкин. Аммо гуноҳ кучли бўлса, шафоатнинг кучи етмай қолишини ҳам унутмаслик керак.
Шафоатдан умид қилиб, гуноҳларга ботган одам табибга ишониб, дардга парво қилмаган одамга ўхшайди. Зотан, табиб баъзи дардларни даволаши мумкин, ҳаммасини эмас. Катта саҳобалар охират хавфида бўлар эдилар. Манманликнинг давоси ўз фикрини доимо танқид остига қўйиш ва у билан ғурурга кетмасликка одатланиш орқали бўлади. Ўз фикрига Қуръони каримдан, суннатдан ва шартлари тўлиқ бўлган ақлий далиллардан шоҳид келтириш билан бўлади. Бу эса Қуръони карим ва суннатни яхши билишни ва уламолар мажлисини лозим тутиш ила бўлади. Умр бўйи илмга машғул бўлишни ўзига ихтиёр қилмаган киши учун яхшиси мазҳабларга ўзини урмасликдир. У уламолар баён қилган маънолар билан кифояланади. Тақвони лозим тутади ва тоатларни кўпайтиради. Ким мазҳабларга ўзини урса ва қўлидан келмаган илмий баҳсларга кўмилса, ҳалокатга учрайди.
Маҳмуджон ЭРГАШЕВ, «Абдуллоҳ ибн Умар» масжиди имом хатиби.

