ОРИ БЎЛСИН ЙИГИТНИНГ

Ўзбек йигити деганда кўз ўнгимизга оғир-босиқ, залворли, ориятли, мулоҳазали, хушсурат, одобли инсон келади. Бироқ, ҳозирги эмин-эркинлик, тўкин-сочинлик, тинчлик замонда йигитларимиз орасида юқоридаги сифатлардан мосуво, бекорчи, пиёниста, жанжалкаш, беодоблари ҳам учрайдики, улар қаерда бўлсалар, ўша ерда нохушлик келиб чиқади.

Уйчилик А.Н. ўттиз ёшларда, оилали, икки фарзанднинг отаси, иш жойига эга бўлса-да, унга 2014 ва 2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг турли моддалари билан ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган эди. Ориятли инсон учун шунинг ўзи бир умрга сабоқ бўлиши лозим эди. Аммо…

Ўтган йили сентябрь ойида А.Н.нинг онаси туман ИИБнинг навбатчилик қисмига мурожаат қилиб, ўғлининг маст ҳолда тинчлик бермаётгани учун ёрдам сўрайди. Воқеа жойига етиб борган 2 нафар инспекторни мастликда айблаб, ота уйига кетиб қолган хотинини олиб келиб беришларини талаб қилади. Ошхонадан пичоқ олиб, ёнига яширади. Инспекторлардан бири сезиб қолади ва вазиятни пойлаб, хотинини олиб келишга борадилар. У ерда тартиб посбонлари А.Н.ни зарарсизлантирадилар. Шунда тартиббузар уларга ташланиб, кийимларини йиртиб, тугмаларини, погонини узиб олади. Ходимларга енгил шикаст етказади.

Суд йиғилишида А.Н.нинг қилмишлари далилий ашёлар асосида ўз исботини топади. У Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми билан айбдор, деб топилди ва унга иш ҳақининг 30 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Беҳзодбек МУТАЛЛИЕВ,

вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори,

Абдураҳим ҲАКИМОВ, туман прокуратураси терговчиси.