ҲАР БИР МУРОЖААТ – ЭЪТИБОРДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4102-сонли қарори ҳамда Юртбошимиз томонидан 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи, подполковник Ғайрат Ғаниев ёшлар вакиллари билан учрашди.

Дастлаб 12-мактабда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринларининг «Меҳнат ярмаркаси» ўтказилди ва 28 нафар фуқарога ишлаш учун йўлланма берилди.

-Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими туман ХТБ билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида спортнинг баскетбол, шахмат турлари бўйича мусобақалар ташкил этди, -дейди туман Кенгаши депутати Гавҳар Ҳакимова. -Шунингдек, ёшларнинг ҳунармандчилик, рассомчилик ва пазандачилик бўйича маҳоратлари ҳам синалди. Туман маданият маркази, 12-мактабнинг «Ёш  китобхон», «Бегойимлар» тўгараги аъзолари иштирокидаги бадиий дастур, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг чиқишлари барчага манзур бўлди.

Тадбир давомида 3-сектор ҳудудидаги таълим муассасаларида таҳсил олиб, маданият, спорт ва таълим соҳасида юксак натижаларга эришаётган 20 нафар ўқувчи ва талабага «Ташаккурнома» ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Ёшлар вакиллари билан бўлган учрашувда туман ҳокими М.Апақов, 3-сектор раҳбари Ғ.Ғаниев имтиёзли кредит олиш, репититор масаласи, кутубхона қуриш, китоб нашр қилдириш, интернет ва компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик, қурилиш соҳаси бўйича бир қатор саволларга жавоб қайтардилар. Битта мурожаат ўрнида ҳал этилди, 4 та мурожаат тегишлилиги бўйича мутасадди идораларга юборилди, 5 та масала юзасидан тушунтиришлар берилди.

Муаззам ПИРМАТОВА, 12-мактаб ўқитувчиси.