БУЮКЛАРГА ЭҲТИРОМ

«Маънавият ва маърифат ойлиги» доирасида мактабимизда ташкил этилган учрашув аввалгиларидан тубдан фарқ қилди. Унда Уйчи фарзанди, таржимашунос, бобуршунос олим, Халқаро Бобур мукофоти совриндори, филология фанлари доктори, профессор Неъматилла Отажоновнинг Бобур ҳаёти ва ижодига доир берган қизиқарли маълумотлари барчамизда катта қизиқиш уйғотди ва ҳаяжон билан тингладик. Ўқувчилар томонидан саҳналаштирилган бадиий дастур ҳам ўзига хос ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.

Наимахон ҚАМБАРОВА,

40-мактаб ўқитувчиси.

******

13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган бадиий-мусиқий кеча «Бир асрнинг икки даҳоси» деб номланди». Ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокидаги мусиқий композицияда ўзига хос дизайн ва ижро маҳорати тадбир иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди.

Баҳодир ЖЎРАЕВ.

******

Мактабимизда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ана шундай тадбирлардан буюк сўз санъаткорларимиз таваллуд топган кунга бағишлаб «Навоий ҳамиша барҳаёт», «Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётини ўрганамиз» мавзуларида адабий кеча ва «Билимдонлар баҳси» ўтказилди. Ушбу тадбир-ларни ўтказиш жараёнида ўқувчилар ўртасида уларнинг «Лисон ут-тайр», «Ҳамса», «Ҳар кимки вафо қилса…», «Бобурнома» асарлари тарғиб қилинди.

Шоира САЙДАЗИМОВА,

10-мактаб кутубхоначиси.

******

«Биз буюклар авлодимиз» шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда мактабимизнинг 8-9-синфлари ўқувчилари учта шарт бўйича беллашдилар. Таништирув шартида ўқувчилар Бобурнинг ҳаёти, босиб ўтган йўли, шоир  ва шоҳ сиймосини саҳна кўриниши орқали тасвирлаб беришди. Мусобақанинг ғолиби деб 9-«Б» синф ўқувчилари топилди. Иштирокчилар мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Дилбархон РАЙИМОВА,

16-мактаб ўқитувчиси.

******

Мактабимизда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси С.Қаюмова томонидан 8-«А» синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган тадбирда Мадина Бекмирзаева Заҳириддин Муҳаммад Бобур қисқа 47 йиллик умри давомида нақадар буюк ишларни амалга оширганини инглиз тилида гапирди. С.Ҳамиджонованинг ўқиган ғазали ва рақслари, Ў.Бекмирзаев, О.Арабжоновларнинг саҳна кўринишида яратган тимсоллари тадбир мазмунини янада бойитди. Якунда «Биз Бобур фарзандларимиз» номли китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир «Бир фарзандга етти китоб» акцияси билан якунланди. Унда ота-оналар ва ўқитувчилар мактабимиз кутубхонасига 798 минг сўмлик 87 дона лотин алифбосидаги адабиётлар совға қилишди. Бунда Янгичек МФЙ раиси З.Ҳожиева, ўқитувчиларимиздан М.Иззатиллаева, Г.Ўринбоева, И.Ақиловлар жонбозлик кўрсатишди.

Ҳафиза САМАТОВА,

31-мактаб кутубхоначиси.

******

Муассасасимизда «Султон шоҳ» номли театрлаштирилган тадбир ўтказилди.

Кечада катта ва тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари буюк мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳикматли сўзлари, ғазалларини ифодали айтиб бердилар. Шунингдек, саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақслари билан ота-оналарни хушнуд этдилар.

Дилмурод ЖАЛИЛОВ,

Муаззам РАҲМОНОВА, 28-МТТ мусиқа тўгараги раҳбарлари.