ҚАБИҲЛИККА ЕТАКЛАЙДИ

ХХ асрнинг иккинчи ярмида халқаро миқёсда ўзини баралла намоён этаётган хатарли воқеликлардан бири, шубҳасиз, диний экстремизм ва ундан озиқланаётган ҳамда диний шиорлар билан ниқобланган терроризмдир.

Замонавий терроризмнинг иккита алоҳида хатарли белгисини ажратиб кўрсатиш мумкин: бир томондан, у тобора шафқатсизроқ ғайриинсоний моҳият, иккинчи томондан, ақлга сиғдириш қийин жуғрофий кўламлар касб этиб бормоқда.

Экспертларнинг фикрича, дунёда фаолият кўрсатаётган террорчилик ташкилотларининг юздан ошиғи энг замонавий қуроллар билан яхши таъминланган йирик уюшмалардан иборат. Улар турли қўпорувчиликларни содир этиш жараёнида ўзаро ҳамкорлик қиладилар, маълумотлар алмашадилар, зарур ҳолларда бир-бирларига ҳарбий, молиявий ва бошқа шаклдаги ёрдамни кўрсатадилар. Бундай ташкилотларнинг энг йириклари қаторига «ал-Қоида», «ал-Жиҳод ал-Исломий», «ат-Такфир вал-Ҳижра», «Ҳизбуллоҳ», «Хамас» (Фаластин исломий қаршилик ҳаракати), «Абу Сайёф» (Филиппин), «Озод Ачех» ва «Лашкари жиҳод» (Индонезия), «Қуролли исломий ҳаракат» (Жазоир) кабиларни киритиш мумкин.

Масаланинг яна бир таассуфли жиҳати шундаки, диний либосларга ўралган террорчи ташкилотларнинг мутлақ кўпчилиги муқаддас динимизни ўзига ниқоб қилиб олган.

Ҳаммасидан ҳам даҳшатлироғи, ушбу экстремистик оқимларга даъват қилувчи материаллар илгари тарқалиши анчагина вақт ва маблағ талаб қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб техника ривожланган даврда узоқ масофадан туриб бир зумда инсонлар онгини заҳарлаш ва уларни ўз сафларига чорлашдек вазифани уддабуронлик билан осонгина амалга оширилмоқда.

Биз фуқаролар, айниқса, ота-оналардан иложи борича фарзандларининг қўл телефонлари ва планшетлари ҳамда компьютерларини назоратга олишларини илтимос қиламиз. Агарда назорат қила олмасалар, тушунадиган кишилар орқали вақти-вақти билан назорат қилдириб туришлари зарур.

Комилжон ОТАМИРЗАЕВ, «Даҳияк ота» жоме масжиди имом хатиби.