ҲАР БИРИМИЗ МАСЪУЛМИЗ
Электр энергиясининг ҳаётимизда тутган ўрни юқори эканини кўпчилик яхши билади. У хонадонимизни ёритади, саноатда, ишлаб чиқаришда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, ундан ноқонуний фойдаланиш, эътиборсизлик жуда катта талафотлар келтиришини унутмаслигимиз керак.
Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича олиб борилаётган ишларга қарамай, ишлаб чиқариш ва меҳнат интизоми бузилишлари натижасида энергетика тизимида ишлаб чиқариш билан боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган шикастланиш орқали ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодисалар кўрсаткичи ҳамон юқори даражада қолмоқда. Шу боис «Ўзбекэнерго» АЖнинг 2017 йил 24 майдаги 295-сонли буйруғига асосан жароҳатланишларнинг олдини олиш учун профилактика ишларини кучайтириш мақсадида корхоналар тизимида шу йилнинг 1 июлигача «Хавфсизлик техникаси кўриги ойлиги» ўтказилмоқда.
Кўрикнинг асосий мақсади қилиб қуйидагилар белгиланган:
-ходимларнинг меҳнат, ишлаб чиқариш ва технологик интизомга риоя қилишлари устидан назоратни кучайтириш;
-иш жойларини текширишда йўл қўйилган қоидабузарликлар учун жазо чораларини жиддийлаштириш;
-бехатар иш шароитларини ташкил этишнинг амалий жиҳатдан ўзлаштирилиши учун иш жойини тайёрлаш, жабрланганларга биринчи ёрдам бериш бўйича ускуналарга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг профессионал маҳорати танловларини ўтказиш ва бу билан ходимларнинг билим даражасини ошириш;
-ҳар бир ишловчининг иш жойида хавфсизлик техникаси қоидалари талабларининг сўзсиз бажариши учун раҳбар-ходимларнинг ходимлар билан олиб бориладиган ишларининг амалдаги ҳужжатларга мувофиқ ҳолда ташкиллаштирилиши ва олиб борилиши учун масъулиятни ошириш.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг 2017 йил 26 майдаги 257-сонли буйруғи асосида 15 банддан иборат тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Корхонанинг барча хизмат ва бўлимлари ҳамда туман электр таъминоти корхоналарида бурчаклар ташкил этилиб, ходимлар билан йиғилишлар ўтказилди, кўрикнинг мақсади атрофлича тушунтирилди. Ойлик давомида корхонамиз ходимлари томонидан аҳоли истеъмолчилари орасида электр энергиясидан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари юзасидан профилактика, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, ток таъсирига тушиб қолмаслик чоралари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда электр қурилмаларини муҳофаза қилиш қоидалари тўғрисида тушунчалар бериляпти.
Ҳурматли истеъмолчилар! Ҳаво тармоқлари тагига ва яқинига экилган дарахтлар шамол натижасида симларни қисқа туташтиради. Бундай ҳолда кучланиш ортиши натижасида коммутацион аппарат, автомат ёки рубильник, ҳаттоки трансформаторни ҳам ишдан чиқаради. Бундан ташқари, сим узилиш ҳолатлари содир бўлганда кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин. Шу боис истеъмолчилар бир неча кун электр таъминотисиз қолишларига тўғри келади.
«Электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари»га асосан электр узатиш ҳаво линиялари ва алоқа ҳаво линияларини муҳофаза қилиш учун муҳофаза зонаси белгиланган. Жумладан, 1 кВ кучланишгача бўлган ҲЛ ва АҲЛ учун – 2 метр, 1-20 кВ ҲЛ учун – 10 метр, 35 кВ ҲЛ учун – 15 метр, 110 кВ ҲЛ учун – 20 метр, 220 кВ ҲЛ учун – 25 метрдир. Ушбу муҳофаза зонасида баланд ўсувчи дарахлар экиш, иморатлар қуришга рухсат этилмайди. Муҳофаза зонасида баланд ўсувчи дарахтлар экилиб, иморатлар қурилса, электр токи таъсиридан жароҳатланиш хавфи ортади ва одам ҳаёти учун хавфли.
Шу кунларда давом этаётган ғалла ўрим-йиғими мавсумида қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши зарур:
-ғалла ўримида қатнашувчи барча ходимларни электр ва ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномадан ўтказиш;
-биринчи навбатда ҳаво тармоқлари остидаги ғалла майдонларининг ўримини ташкил этиш;
-ғалла майдонларидаги мавжуд ҳаво тармоқларининг таянчларига шикаст етказмаслик чораларини кўриш;
-ўрим комбайни, ғалла ташиш автомашинаси ва прицепларни, ходимлар учун дам олиш жойларини ҳаво тармоқлари остига ва 8 метрдан яқин масофага жойлаштирмаслик;
-ҳаво тармоқлари ва электр қурилмаларида носозликлар (сим узилиши, таянч оғанаши ва ҳ.к) содир бўлганда, дарҳол электр таъминоти корхонасига хабар бериш.
Ойлик давомида ва доимо хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиб, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ҳар биримиз масъулмиз. Истеъмолчилар эса белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилиб, фойдаланилган электр энергияси ҳақини ўз вақтида тўлаб боришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шокиржон ЎРИНБОЕВ,
вилоят ҲЭТК АЖнинг мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати муҳандиси,
Одилжон ЖАББОРОВ,
туман электр таъминоти корхонаси катта устаси.

