ХАВОТИРГА ЎРИН ЙЎҚ
Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Юксалиш МФЙга хитойликлар кириб келгани ва дўконларда бемалол бозор-ўчар қилиб юргани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Маълум бўлишича, жорий йил февраль ойи охирида чиндан ҳам, 5 нафар Хитой фуқароси Дубай ва Москва орқали аввал Тошкент, сўнг Наманганга келган. Маҳаллий аҳоли бундан хабар топгач, коронавирус тарқалиши хавфидан ташвишга тушиб, мутасаддиларга норозилигини билдирган.
Ҳолатни ўрганиш учун туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов бошчилигида сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузилган. Ушбу ишчи гуруҳ 2 март куни хитойлик мутахассислар меҳнат қилаётган корхоналар жойлашган Юксалиш МФЙга борган. Саноат корхоналаридаги вазият ўрганилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари кўздан кечирилган.
Шундан сўнг маҳалла фаоллари ва мурожаатчилар иштирокида мулоқот ўтказилиб, ҳудуддаги вазият, тиббий назорат бўйича маълумот берилган, аҳолини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилган.
Уйчида овоза бўлган хитойликларнинг 3 нафари «Нафис чарм» МЧЖда фаолият олиб боради. Хорижий капитал иштирокидаги ушбу корхона улушининг 37 фоизи хитойлик инвесторга тегишли.
-Ижтимоий тармоқларда тарқалганидек, хитойлик ишчилар бирданига Наманганга кириб келгани йўқ. Тери маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхонамиз 2011 йил февралида фаолиятини бошлаган бўлса, Ванг Зхонг ўша йили августида келган. Укаси Ванг Жин 2016, Зханг Хаопинг эса 2012 йилдан бери ишлаб келяпти, -дейди корхона иш бошқарувчиси Умиджон Отамирзаев. -Учови ҳам технолог: жиҳозларимизга қарайди, маҳсулот сифатини назорат қилади. Анчадан бери шу ерда бўлгани учун ўзбек тилини ҳам ўзлаштириб олган. «Бемалол бозор қилиб юрган экан», -деган гаплар нотўғри, чунки бунга ҳожат йўқ. Алоҳида ётоқхона қилиб берилган, барча керакли нарсаларни ўзимиз олиб келиб берамиз.
Умиджон Отамирзаевнинг айтишича, ўтган йили Хитой, Туркия ва Украинага 7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган салкам 200 кишилик корхона учун бундай малакали мутахассислар керак. Улар ўтган йили 25 декабрь куни ватанига таътилга кетиб, қарийб 2 ой давомида ортига қайтолмаган пайт ишлаб чиқариш ҳам тўхтаб қолган. Корхона куни кеча, 2 март куни ўз фаолиятини тиклаган.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Рустамжон Ҳамроқуловнинг айтишига кўра, Хитой фуқаролари Дубай, Москвада ва Тошкент халқаро аэропортида тиббий кўрикдан ўтказилган. Иш жойига етиб келган куни тиббий кўрувдан ўтказилганда, соғлом эканликлари тасдиқланган ва 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.
Шу ҳудудда яшовчи фуқароларнинг эътирозларидан сўнг вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ишчи гуруҳи томонидан 2020 йил 2 март куни мазкур 5 нафар хорижий фуқародан вирусология лабораториясида текшириш учун намуналар олинган. Текширув хулосаларида мусбат натижалар аниқланмаган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади, бу масала туман ҳокимлигининг доимий эътибори ва назоратида бўлишини билдирамиз. «Дарё» ҳамда Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарлари асосида тайёрланди.

