ИЖТИМОИЙ КЎМАК ВА ЁРДАМ

Туманимизда имконияти чекланган, моддий кўмакка муҳтож хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонага юртдошларимиз турли масалалар билан мурожаат қилиб, ўз муаммоларига ечим топишмоқда.

-Имконияти чекланган хотин-қизларни янги тизим бўйича иш билан таъминлаш мақсадида, биринчи навбатда, уларнинг рўйхати шакллантирилди, -дейди туман ҳокимининг ўринбосари Н.Собирова. -Дастлабки маълумотларга кўра, туманда 30 нафар ногирон опа-синглимиз тикувчилик билан шуғулланиш имкониятига эга. «Уйчи пахта тозалаш» АЖ томонидан уларни тикув машиналари ва хом ашё билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бу касаначилар пахта йиғим-терим мавсуми учун зарур этак, қоп ва бошқа маҳсулотларни тайёрлаб беришади, махсус ишчи кийимлари тикишади.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Ж.Низамов, туман ҳокимининг ўринбосари Н.Собирова, туман тиббиёт бирлашмаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, ЎзХДП туман кенгаши, «Қизил ярим ой» жамияти туман бўлими вакиллари Уйчи қишлоғининг Умид, Ёркатай қишлоғининг Файзиобод маҳаллаларида яшовчи иккинчи гуруҳ ногиронлари Нилуфар Мирзахолова, Наима Тошпўлатовалар хонадонида бўлиб, уларга тикув машинаси топшириш билан биргаликда ижтимоий ёрдам кўрсатишди, саломатликларини кўздан кечиришди.

-Ғамхўрликдан чексиз мамнунман, -дейди Нилуфар Мирзахолова. -Бизга кўрсатилаётган эътибор учун Юртбошимизга чуқур миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, имконияти чекланган  бу хотин-қизларга туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан меҳнат дафтарчаси очилди, «Агробанк» АТБ Уйчи филиали томонидан эса пластик карточкалар топширилди.

Аброр САБАРАЛИЕВ.