ЎҚУВ МАШҚИ
10-12 март кунлари туманимизда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи, вилоят ҳокими – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг тегишли буйруқлари ижросини таъминлаш юзасидан «Бошқарув органлари, ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракати» мавзусида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқи бўлиб ўтди.
Унинг асосий мақсади фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракат қилиш режаларини текшириш, бошқарув органлари ҳамда фавқулодда вазиятларда давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этишдаги ҳамкорликда ҳаракат қилиш тажрибаларини ошириш ва мувофиқлаштириш, фавқулодда вазиятлар хавфи туғилганда ёки содир бўлганда аҳолини тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, бошқарув органлари ва раҳбарлар таркибининг фуқаро муҳофазаси вазифаларини, шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда куч ва воситаларни мувофиқ равишда қўллашни ташкил этиш юзасидан амалий кўникмаларини оширишдир.
Ўқув машқи бошланишидан аввал туман ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Уни туман ҳокими, фуқаро муҳофазаси бошлиғи М.Апақов бошқариб борди ва навбатдаги вазифаларни белгилаб берди. Қурилиш, тиббиёт, алоқа, туман СЭОМ раҳбарларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари тингланди.
Туман ҳокими – фуқаро муҳофазаси бошлиғи бошқарув масканини ишчи ҳолатга келтириш, йиғма команда ва тиббиёт бирлашмасининг саф кўриги, кўчма савдо ва ҳаракатдаги овқатланиш пунктини дала шароитида ёйиш, Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўйингоҳида шошилинч биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш отрядининг ёйилиши, Ёркатай МФЙда «Маҳалла фуқаро муҳофазаси» тизимини ташкил этиш, «Содир бўлган фавқулодда вазият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва вилоят штабига етказиш ҳамда қутқарув тузилмаларини жалб қилган ҳолда зилзила оқибатларини бартараф этиш», 10-МТТда «Фуқаро муҳофазаси куни» тадбири бўлиб ўтди.
Уч кунлик ўқув машғулотида «Жийдакапа» сув тозалаш ва узатиш иншооти, Тўрақўрғон нефтбаза МЧЖнинг Уйчи филиали, «Уйчи пахта тозалаш» АЖ филиалида тактик махсус ўқув машқи, «Уйчи Ровот» буюм бозорида фавқулодда вазиятларда ҳаракат, жумладан, аҳолини ва товар-моддий бойликларни эвакуация қилиш, ёнғинни ўчириш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, 36-мактабда «Фуқаро муҳофазаси куни» тадбири ҳам уюшқоқликда ташкил этилди. Муҳаммадали ҚАМБАРОВ.

