БЎЛАДИГАН БОЛА…

Ҳар соҳада, ҳар ишда «устоз-шогирдлик» муносабати бор. Бу ҳар соҳада ўзига яраша ҳар хил бўлади. Менимча, энг мушкули ижод соҳасида. Шу боис бу соҳада устоз кам, шогирдларнинг кўпи «финиш»га боролмайди.

Менга охирги 2-3 йил ичида бир қанча ёшлар келишди. Гаплашдик, йўл-йўриқ бердик. Ёзганларини таҳрир қилиб, камчилигини кўрсатсак ёки бироз талабчанлик қилсак, қайтиб келмаганлари анчагина. Аммо…

2018 йил охирларида дўстимиз, моҳир журналист, ижодкор Носир Аббоснинг тавсияси билан менга 7-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Лазизбек Неъматиллаевни олиб келишди. Ёзганлари билан таниш-дим. Устоз кўрмаганлиги, шеърият сирларидан воқиф эмаслиги сезилиб турибди, бироқ қораламалари чакки эмасди. Ўн ёшга тўлмаган болада ижодга меҳр, интилиш, ғайрат, ранг-баранглик яққол намоён эди. Қизиқиб қолдим, суҳбатлашдим, бироз йўл-йўриқ ва топшириқ бердим. Кейинги учрашувда топшириқ ижросидан қониқдим. Шу йўсинда ҳамкорлигимиз қарор топди. Бир йил мобайнида Лазизбек эришган натижалар ғоят қувончли бўлди.

2018 йил бошида 100 та шеър ёдлаб, «Наманган ҳақиқати» газетаси томонидан «Энг ёш қаҳрамон» деб эътироф этилди. Шу йили Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг «Энг ёш ижодкор» кўкрак нишони ва «Ташаккурномаси» билан тақдирланди.

2019 йил июнь ойида Ўзбекистон телевидениесининг «Болажон» телеканалидаги «Болажон алифбоси» мусобақасида 30 та саволга 30 та тўғри жавоб бериб, ғолибликка эришди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида республика миқёсида ўтказилган шеърият танловида «Ватан» номли шеъри билан иштирок этган Лазизбек ҳакамлар томонидан бир овоздан ғолиб деб топилди.

Турли мавзуларда ёзган шеърлари йил давомида «Наманган ҳақиқати», «Уйчинома» газеталарида эълон қилинди.

Ўтган йил охирларида ёш шоирнинг сараланган шеърларини ўз ичига олган «Ватанимга камарбастаман» номли китоби кирилл ва лотин ёзувларида «Наманган» нашриётида чоп этилди.

Яқинда «Болажон» телеканали Лазизбекни яна кўрсатувга таклиф қилди. У юқори синф ўқувчилари иштирокидаги «Қизиқарли беллашув»да қатнашиб, бу гал ҳам фахрли 1-ўрин соҳиби бўлди.  

«Маънавият ва маърифат ойлиги» доирасида Республика Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан шоҳ ва шоир З.М.Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишлаб ўтказилган «Шоир» номли танловнинг «Ватан» йўналиши бўйича ҳам туман ва вилоятда Лизизбекка тенг келадиган ижодкор топилмади.

Ёш ижодкоримизнинг қисқа вақтда эришган залворли ютуқлари туман ҳокимлиги томонидан муносиб тақдирланди. Бирлашган қишлоғида ўтказилган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида туманимиз ҳокими М.Апақов Лазизбекнинг натижаларини эътироф этиб, унга қимматли совғалар топширди. Лазизбек изланишда, ижодда давом этмоқда.

«Бўладиган бола бошидан маълум», -деб шуни айтсалар керак-да!

Ҳа, айтганча, Лазизбекни ижодга руҳлантириб турган онаси Саодат ва синф раҳбари Салимахоннинг жонкуярликлари ҳам таҳсинга лойиқ. Ўринбой МЎМИНОВ.