БОЯҒОНЛИКЛАР ҚУВОНЧИ

Бояғон МФЙ ҳудудида жойлашган 35-мактабгача таълим ташкилоти биноси пастқам, кўримсиз, хоналари қоронғу бўлиб, шарт-шароитлари ҳам талаб даражасида эмас эди. Мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, ушбу таълим муассасаси ҳам замонавий ва кўркам қиёфага эга бўлди.

-2 млрд. 700 миллион сўм маблағ эвазига Азим-жон Убайдуллаев раҳбарлигидаги 10-ХМКК МЧЖ қурувчилари муассасамиз биносини қуриб, битказдилар, -дейди ташкилот мудираси Роҳила Дадахонова. -Улардан бағоят миннатдормиз. 100 ўринли муассасамиздаги барча хоналар ёруғ ва шинам, жаҳон андозалари талаблари даражасида жиҳозланган. Кўрган кишининг ҳаваси келади. Тарбиячиларимиз қўл меҳнати билан тайёрланган кўргазмалар ўзига хослиги билан ажраб туради.

Яқинда муассасанинг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари А.Абдураҳмонов, туман МТБ мудири М.Абдуллаева, маҳалла ва оила масалалари туман бўлими бошлиғининг ўринбосари А.Отабоевлар қатнашиб, самимий тилаклар билдиришди.

Кичкинтойлар томонидан тақдим этилган концерт дастури барчага манзур бўлди. Меҳмонлар ва фахрийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, муассасада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.