ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
Ҳар бир жамият юксалиш, ривожланиш сари интилиб боради. Бу борада жамиятдаги барча соҳаларни тубдан ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратилади.
Фуқаролар жамиятимиз, давлатимиз ривожига, юксалишига ўз ҳиссасини қўшиши лозимдир ва барчамиз бунга масъулмиз, бироқ ҳозирги кунда жамиятимиз юксалишига тўқсинлик қилаётган, ривожланиш ўчоғини ўчираётган коррупция ёрқин келажагимизга рахна солмоқда. Коррупция сўзи лотинча «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, бузиш, йўлдан оздириш, сотиб олиш деган маъноларни англатади. Баъзи манбаларда эса чек қўйиш, тўсқинлик қилиш деган маъноларни ҳам билдиради. Мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқларнинг шахсий бойиш мақсадларидан иборат амалиёт, мансабдор шахсларни сотиб олиш, уларга пора таклиф қилиниши, уларнинг порага сотилиши коррупциядир.
Ҳозирги кунда жамиятимизда коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг иштироки муҳим ўрин тутади. Чунки айнан фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари, ҳуқуқий онг – ҳуқуқий маданият пастлиги туфайли коррупция тараққиётни қуршаб олиб, унинг юксалишига тўсқинлик қилмоқда.
Юртимизнинг барча гўшаларида коррупцияга қарши кураш асосий мақсадларимиздан бирига айланмоқда. Ватанимиз ривожланиши, юксалиши учун биз қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз! Зеро, Ватан ҳисси, Ватан туйғуси барча нарсадан устундир.
Диёра САЙФУЛЛАЕВА, Наманган юридик коллежининг 309-гуруҳ талабаси.

