ИЖОД АҲЛИГА ЭҲТИРОМ

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам кенг тантана қилинди.

Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида бўлиб ўтган вилоятимиз ижод аҳлининг байрам тантанасида меҳнат фахрийси, журналист Абдубанно Холмоновга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи топширилди.

Муассис – Уйчи туман ҳокимлигининг доимий эътибори ва ғамхўрлиги, таҳририятнинг янги бино билан таъминлангани, бу ерда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари алоҳида эътироф этилиб, вилоят ижодкорларининг II анъанавий «Эҳтиром» танловида «Уйчинома» газетаси «Йилнинг энг яхши таҳририяти» номинацияси бўйича вилоят ҳокимининг дипломи билан тақдирланди.

Шу куни Уйчи қишлоғидаги «Шаршара» масканида соҳа ходимларининг байрам тантанаси бўлиб ўтди. Унда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров, туман ҳокимининг ўринбосарлари Насибахон Собирова, Аҳмаджон Раҳматовлар ижодкорларга самимий тилакларини изҳор қилиб, туман ҳокими Абдуғани Турдиевнинг байрам табригини ҳамда соҳа фидойилари, меҳнат фахрийларига ташаккурнома, фахрий ёрлиқ, эсдалик совғаларини топширдилар. Кексаларга «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмасининг эсдалик совғалари, фаолларга Республика маънавият тарғибот маркази туман бўлимининг табрикномаси тақдим этилди.

Тақдирланганлар номидан сўз олган фахрийлар Адҳамжон Ҳожиматов, Маҳаммаджон Қодиров, масъул котиб Абдулҳаким Нишонов, газета тарқатувчи Зулфия Тошматовалар туман ҳокимлигининг эътибори ижодкорларни янада завқ ва ғайрат-шижоат билан ишлашга ундашини таъкидлаб, миннатдорчилик изҳор қилдилар.

Муҳаммад  АЛИ.