«ЭРКАТОЙ» ҚАРСИЛДОҚ ҚАЛАМЧАЛАРИ
Уйчилик ёш тадбиркор нафақат водий, балки бутун Ўзбекистон болажонларига қувонч улашиш имкониятига эга!
Фарзандларимнинг сўрови туфайли дўкондан болажонлар севиб истеъмол қиладиган «кириешки» олгани кирдим. Унинг турли-туман хилларини кузатдим. Кўзимга ярқ этиб «Эркатой» деб номланган «кириешки» кўринди. Чиқиш маълумотларини ўқидим. Қарасам, ушбу маҳсулот ўзимизда, Наманган вилоятининг Уйчи туманида ишлаб чиқарилар экан. «Қайси тадбиркор ишлаб чиқарган бўлса ҳам барака топсин, ажойиб ишга қўл урибди», -деган фикр ўтди хаёлимдан.
1 июнь – «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» арафасида Наманган шаҳридаги истироҳат боғида акция устидан чиқиб қолдим. Қарасам, барча болалар қўлида «Эркатой» қарсилдоқ қаламчалари! Ёш йигит-қизлар уни болажонларга тарқатишмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, уларни суҳбатга тортдим. Узоқ давом этган суҳбатда «Inter Light Star» масъулияти чекланган жамиятининг раҳбари, ёш тадбиркор Музаффар Мамасолиев билан яқиндан фикрлашдик. Бевосита ишлаб чиқариш жараёнини кузатиш учун корхонага ташриф буюрдик.
-Тадбиркорларга берилаётган имкониятлардан руҳланган ҳолда ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишни мақсад қилиб юрардим, -дейди корхона раҳбари Музаффар Мамасолиев. -Шу аснода бозорни ўргандим, Наманган вилояти, хусусан, Уйчи туманида тадбиркорлар нималарни ишлаб чиқаришмоқда, халқ эҳтиёжи учун қандай маҳсулотларни етказиб бериш лозим? Шу ҳақда обдон ўйладим. Туманда нон ва макарон маҳсулотлари, қандолат, болажонлар учун қарсилдоқ қаламчалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмагани бу соҳани танлашимга сабаб бўлди. Яхши ниятлар билан 2016 йилнинг мартида барча ускуна ва жиҳозларни хориждан олиб келиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Айни пайтда маҳсулотларимизга бўлган талаб жуда катта. Бир кунда бир тонна ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, халқ эҳтиёжи учун етказиб бериш қувватига эгамиз.
Корхонада беш нафар ходим иш билан таъминланган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни ярим автоматлаштирилган. Асосий вазифани Хитойдан олиб келинган замонавий ускуна бажаради. Бу жараёнда иш бошқарувчи Хумоюн Зокиров, бош оператор Бобур Шодмонов, ишчилар Гулчеҳра Тожибоева, Шаҳло Мамасолиева, Шоҳрух Омоновлар фаол қатнашадилар. Ишлаб чиқариш жараёнида ҳар бир ходимнинг ўз вазифаси бор. Ишчилардан Шоҳрух Омонов ва Шаҳло Мамасолиевалар коллежни якунлашлари билан шу корхонага ишга жойлашганлар. Улар олган билимларини ҳозирда ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлашмоқда.
Корхона иш бошқарувчиси Хумоюн Зокиров Наманган муҳандис-лик иқтисодиёт институти (ҳозирги Наманган муҳандислик технология институти)нинг маркетинг йўналишини тамомлаган. Айни пайтда олийгоҳда олган билимлари иш жараёнида жуда асқотмоқда. Чунки ишлаб чиқарилган товарни бозорга чиқариш учун маркетинг билан астойдил шуғулланиш лозим.
Ёшлардан иборат жамоанинг режалари катта. Улар келажакда ўз маҳсулотларини экспортга ҳам чиқариш ниятидалар. Бунинг учун бор куч-ғайратларини ишга солмоқдалар.
Айни пайтда корхона тўлиқ куч билан ишлаши учун хом ашё – ун маҳсулотининг тақчиллиги халақит бермоқда. Агар маҳаллий ҳокимият, тегишли мутасаддилар бир кунлик ишлаб чиқариш қуввати 1 тонна ун маҳсулотини ташкил этувчи корхонани хом ашё билан таъминлашга ёрдам берсалар, бир ойлик 25 тонна фонд ажратилса, яна беш киши қўшимча равишда иш билан таъминланади. Натижада иш билан банд ёшлар сони ўнтага етади.
Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнини янада ривожлантириш учун корхонага имтиёзли кредит олиш устида ҳаракат бошланган. Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорликка кенг имконият берилаётган бир пайтда ушбу масала ечимини топишида ёш тадбиркорга мутасадди ташкилотлар кўмаги ва мададига умид билдирамиз.
Анвар ИКРОМОВ.

