САЛОМАТЛИК ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА
Бутун жаҳонда тарқалаётган коронавирус (CОVID-19) инфециясидан мингларча инсонлар жабр кўриб, қурбон бўлаётгани, афсуски, аччиқ ҳақиқат. Биология фани ўқитувчиси сифатида ўқувчи-ёшларимизга тарғибот-ташвиқот ишларининг олиб борилишини тавсия қилган бўлардим. Ёшларимизни турли ваҳимага тушмасликлари учун жойларда мактаб психологлари ва ҳамширалар билан биргаликда тушунтириш ишлари, касалликни қўзғатувчи инфекциялар, унинг юқиш йўллари ва эҳтиёт чоралари ҳақида маълумотлар беришлари лозим. Хусусан:
-ўқувчиларни уйларида қўлларини суюқ совун билан бир кунда камида 4 маротаба ювишларини ташкиллаштириш;
-овқатланишларини назорат остига олиш. Идишларини тоза ва озода ҳолда сақлашга ўргатиш;
-кун давомида сутли маҳсулотлар, айниқса, қатиқни кўп миқдорда истеъмол қилиш;
-тиббиёт ниқоблари (маска) тақиш ва ундан тўғри фойдаланиш (шамоллаган ёки грипп бўлган вақтда ниқобнинг тескари томони билан тақиш, соғлиқ пайтида, аксинча, ўнг тарафини тақиш)ни ўргатиш;
-«Қуёш нури кирмаган уйга табиб киради» -дейди доно халқимиз. Ҳар қандай вирус, бактериялар қуёшнинг тик нурида яшай олмайди. Шуни ўқувчиларга тушунтирган ҳолда, уйларини, синф хоналарини вақти-вақти билан шамоллатиб туриш, қуёшли ҳавода сайр қилиш, ўрин жойларни, мўйнали кийим ва буюмларни офтобга тоблаш фойдадан ҳоли бўлмаслигини уқтириш даркор.
Жаннатмакон ўлкамизда етилган, дармон-дориларга бой сабзавотларимиздан, айниқса, пиёз, саримсоқ каби микроорганизмларга қарши ўзидан фитонцидлар ишлаб чиқарувчи неъматлардан кўпроқ фойдаланиш, баҳор фасли кириб келаётган бир паллада иммунитетимизнинг барқарорлигини таъминлаш учун турли кўкатли таомлар, мева қоқиларидан тайёрланган шарбатлар истеъмол қилиб туриш ҳам организмнинг касалликка чалинишига қаршилигини оширади.
Зеро, ҳар қандай юқумли касалликлар, биринчи навбатда, қорни оч, усти юпун болага ҳужум қилади. Эҳтиёткорлик ва озодалик ҳеч қачон зарар қилмайди. Яратган юртимизни тинч ва омон сақласин. Келажагимиз ворисларини, эртамиз ниҳолларини асраб-авайлайлик.
Умидахон МЎМИНОВА, 33-мактабнинг биология фани ўқитувчиси.

