БАЙРАМ ҚУВОНЧИ ҲАР БИР ХОНАДОНДА

26 июнь санасида юртимизда Рамазон ҳайити кенг нишонланди. Айём муносабати билан туманимиздаги мавжуд 55 та қабристон ҳамда барча маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, кам таъминланган оилалар хонадонларига йўқловлар уюштирилди.

-Рамазон ҳайити олдидан ўтказилган ҳашарда ёшларимиз ҳам фаол қатнашдилар, -дейди «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши раиси в.б. Анвар Азизов. -Икки кун давомида 350 дан ортиқ ҳаракат етакчиси ҳамда фаолларимиз «Аллаариқ», «Ахси», «Биродарлик», «Мулла Қосим», «Қорашайхбува», «Девонабобо» қабристонларида тозалов ишларида қатнашдилар.

-Биз ҳам қутлуғ сана муносабати билан туманимиздаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кексалар, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, тўққиз миллион сўмлик моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатдик, -дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси ўринбосари Ғанишер Жўраев. -Шунингдек, 56 та маҳалла фуқаролар йиғини томонидан кўчалар ободонлаштирилиб, кам таъминланган оилалар хонадонларига байрам қувончи олиб кирилди.

Туман марказидаги «Худойберди Эшон» жоме масжиди эрта тонгдан ҳамюртларимиз билан гавжумлашди. Ҳайит намози ўқилиши олдидан йиғилганлар тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик мавзуларида маърузалар тинглашди. Барча эл-юрт равнақи, фаровонликнинг бардавомлигини тилаб, дуога қўл очди.

Аброр САБАРАЛИЕВ.