КАСАНАЧИЛИК РИВОЖЛАНАДИ
Мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 24 майда «Касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2996-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор банд бўлмаган аҳолини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб қилишнинг самарали воситаларидан бири бўлган касаначиликни янада ривожлантириш ҳамда замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслар билан фойдаланишни кенгайтириш орқали оила бюджетлари даромадларини кўпайтириш мақсадида қабул қилинганлиги билан аҳамиятлидир.
Қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки, Молия вазирлиги ва тижорат банкларининг Тошкент шаҳрида тижорат банклари томонидан “Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум” МЧЖ(кейинги ўринларда Консорциум деб юритилади)ни 50,0 млрд. сўмлик бошланғич устав капитали билан ташкил этиш ва уни иштирокчилари орасида тақсимлаш борасидаги таклифлари маъқулланди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Консорциумга:
-қарорнинг 2-иловасида келтирилган рўйхатга мувофиқ замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва (ёки) касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи корхоналарга заёмларни ажратиш;
-касаначилик турлари бўйича уй шароитида маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш учун маркетинг амалга ошириш ва буюрт-мачиларни топиш вазифалари билан таркибий бўлинмаларини ҳамда касаначи ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатишни таъминлаш бўйича – Тошкент шаҳрининг барча туманларида филиалларни ташкил этиш;
-амалга оширилган иш ҳажмларига мувофиқ Консорциумнинг таркибий бўлинмалари ходимлари сонини мустақил белгилаш;
-касаначилар ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар билан маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш борасидаги шартномаларни тузиш ҳуқуқлари берилди.
Қарор билан касаначиларга замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилиш учун заёмларни ажратиш сотиб олинаётган товарларнинг кафилликка олиш орқали амалга оширилиши ҳамда 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб касаначилар учун жисмоний шахсларга қўлланиладиган даромад солиғи қатъий 7,5 фоиз миқдорида белгиланди. Шунингдек, ушбу қарорда Консорциум барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиб, бўшаётган маблағлар устав жамғармасини тўлдиришга йўналтириш назарда тутилган.
Дилмурод БОЙДЕДАЕВ,
туман ДСИ ЮШСС бўлими катта инспектори.

