ЎЗИНГИЗ ВА ЯҚИНЛАРИНГИЗНИ АСРАНГ!
Бугунги кунда бутун дунёда инсоният мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Бутун эътибор коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган. Афсуски, бу ҳолат бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Муҳтарам Юртбошимиз халқимизга бир неча бор Мурожаат қилиб, бу хавфни бирдамликда, сабр-бардош билан енгиб ўтишга чақирдилар. Айни шу паллада хонадон томорқасидан самарали фойдаланиб, уйда туриб даромад олишни қайта-қайта таъкидладилар.
Мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш ҳамда назоратдан чиқармасликни таъминлаш мақсадида давлатимиз томонидан барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, Хитой, Германия ва Россия каби давлатларнинг етакчи тиббиёт мутахассислари жалб этилмоқда, текшириш тестлари, ҳимоя воситалари олиб келинмоқда, янги шифохоналар барпо қилинди.
Ҳозирги вазиятда барчамиз биргаликда бир куч бўлиб карантин қоидаларига амал қилиб, метин интизом кўрсатсак, албатта, бу кунлар ҳам ортда қолади.
Минг афсуски, карантин қоидаларини бузаётганлар ҳам учраб турибди. Уларнинг ҳаёти ўзига, оиласига кераклигини тушуниб етмаяпти.
Нуроний отахонлар, мунис онахонлар! Сизлар жонкуярлигингиз, сабр-бардошингиз ва эзгу дуоларингиз билан барчага ибрат бўласиз, деган умиддамиз.
Талабалар, ўқувчилар – азиз келажагимиз эгалари! Сизлардан вақтларингизни бекор ўтказмасдан, кўпроқ китоб ўқишни, онлайн дарсларни ўзлаштириб, билимларингизни мустаҳкамлаб боришга чақирмиз.
Қадрли юртдошлар!
Барчамиз ушбу кунларда бирлашиб, янада ҳамжихат, оқибатли, тартибли, бир-биримизга меҳрли бўлсак, сабр қилсак, касалликнинг олдини олишга ҳисса қўшган бўламиз. Зарурат бўлмаса, ташқарига чиқманг, уйда қолинг! Ўзингиз ва яқинларингиз соғлиғини қадрланг!
Зулайҳо АТАХАНОВА,
халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати.

