ЁШЛАРИМИЗ НАЗОРАТСИЗ ҚОЛМАСИН
Бугунги кунда нафақат бизнинг юртимиз, балки бутун дунё халқларини ташвишга солаётган короновирус пандемиясининг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг энг самарали йўли бу сир эмаски, уйда қолиб, фойдали машғулотлар билан шуғулланиш, албатта.
Мен ҳам туман Кенгаши депутати, ҳам халқ таълими ходими сифатида халқимизни бугунги жараёнга тўғри баҳо бериб, муҳтарам Юртбошимизнинг Мурожаатларида куюниб билдирган фикрларини тўла қўллаб-қувватлайман.
Бугунги қийин вазиятда барча соҳа вакиллари самарали фаолият олиб бораяптилар, деб ўйлайман. Биргина таълим соҳасини оладиган бўлсак, дастлабки кунларданоқ ўқувчи-ёшларимизни таълим олишдан ортда қолмасликлари учун онлайн дарслар ўтилиши таъминланганлиги барча ота оналарни қувонтирди. 1-синф ўқувчиларидан тортиб 11-синф ўқувчиларигача онлайн дарслар ташкил этилмоқда. Жумладан ,1-4-синфлар учун “ National Geography” , 5-8-синфлар учун “Eurosport” , 10-11-синфлар ўқувчилари учун эса “Охота и рибалька” телеканаллари орқали онлайн дарслар мунтазам эфирга узатилмоқда. Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигининг Uzede.uz веб сайти ва телеграм ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифалари орқали ҳам онлайн дарсларни кузатиб бориш мумкин . Барча таълим муассасаси педагоглари ўқувчиларнинг ота+оналари билан телеграм гуруҳлари орқали боғланиб, уларнинг таълим-тарбияси билан мунтазам шуғулланиб бораётганлиги рақамли иқтисодиётни халқимизга қўл келаётганлигидан далолатдир.
Энг муҳими , ёшларимиз назоратсиз, таълимдан йироқда эмаслиги барчамизни қувонтиради.
Бугунги кунда туман халқ таълими тасарруфидаги 45 та мактабда жами 37916 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур ўқувчилар белгиланган вақтда онлайн дарсларни кўриб бориши ва берилаётган топшириқларни ўз вақтида бажарилишини назорат қилишда ота-оналарнинг ёрдамлари жуда зарур.
Мен фурсатдан фойдаланиб, барча ота-оналарни фарзандлари тарбиясига жиддий қараб, теледарсларда иштирокини назорат қилиб, уларга яқиндан ёрдам беришларини сўраб қолардим. Зеро, бугунги ёшларга эътибор эртанги ёруғ келажакка бўлган қадамдир.
Мирзоҳид ЗАИТОВ,
халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгаши депутати.

