ЎҚИТУВЧИЛАР ОБОДОНЛАШТИРИШ ИШЛАРИГА ЖАЛБ ЭТИЛМАГАН

Ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилаётган бугунги карантин шароитида Наманган вилоятининг Уйчи туманида мактаб ўқитувчиларини ёппасига ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилинаётгани билан боғлиқ хабарлар кўзга ташланмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси шуни маълум қиладики, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан вилоятнинг ҳеч қайси шаҳар туманига ўқитувчиларни карантин шароитида, умуман, ободонлаштириш ишларига жалб этиш бўйича топшириш ёки кўрсатма берилмаган. Ваҳоланки, карантин шароити бўлмаган одатдаги фаолият жараёнида ҳам вилоятда ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига жалб этилишига йўл қўймай келинмоқда.
Юқоридаги ҳолат бўйича ҳам на вилоят халқ таълими бошқармаси ва на Уйчи тумани халқ таълими бўлими томонидан мактаб ўқитувчиларини ободонлаштириш ишларига жалб қилиш бўйича топшириқ берилмаган.
Аксинча, уларнинг эътибори айни пайтда ўз уйларида телевидение орқали намойиш этилаётган онлайн дарс машғулотларида ҳамда телефон орқали боғланиб, ўқувчиларининг ушбу дарслардаги иштирокини кузатиш ва баҳолаш билан чекланишмоқда.
Шундан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, ўқитувчиларни мажбурий тарзда ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётгани ҳақида келиб тушаётган хабарлар асоссиз.

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати