Фардлар
Ўзи куймаганни куйдириб бўлмас,
Ўзи суймаганни суйдириб бўлмас.
***
Пешвоз чиққил, сен истаган дилхоҳ келганда,
Панага ўт, жонга озор гумроҳ келганда.
***
Камим кўпдир, аммо камим бор, демасман,
Бойлигим йўқ, лек бойликка зор эмасман.
***
Тилингни тиёлсанг, сен унга амир,
Тиёлмасанг, у сенга қилади амр.
***
Ширин сўз кўнгилни тўлдирар,
Аччиқ сўз кўнгилни ўлдирар.
***
Бўлса димоғинг осмон, эл сени кўрар ёмон,
Бўлсанг хокисор инсон, обрўйинг бўлар осмон.
***
Ғанимга дўст бўлган дўстинг бешак,
Оғуга қўшилган асал демак.
***
Ғам чеккан онингда ким бўлса қўлдош,
Фаровон чоғингда ҳам бўлар йўлдош.
***
Оға-иниларим бўлмаса, майли,
Улар ўрни тўлар чин дўст туфайли.
***
Ҳимматли бўл, муҳсин бўл, айлагил эҳсон,
Нонинг емаган номинг аташи гумон.
Ўринбой МЎМИНОВ.

