Хаёл мавжланар

Излаганда ариқлар лаби

Ялпизнинг хуш бўсаларини,

Жийда гулин иси тутганда

Яккатутнинг кўчаларини.

Ялангоёқ сувга тушволиб,

Суянганча бир ҳарсанг тошга,

Соатлаб шеър ўқиганларим

Тақдир қўшилмаган йўлдошга.

Сирларимга энг яқин гувоҳ

Ўша сирли афсунгар булоқ,

Сув мавжлари узра ёйилиб

Ошкор бўлмас покиза гуноҳ.

Эсингдами ўша гўзал туш,

Мен қайтаман бугун аслимга.

Бор дарди-ю азоблари хуш,

Такрорланмас баҳор фаслимга.

Тинглай олсанг агар бўлиб маст,

Наиманинг шеърларини айт.

Бор ташвишу ғамларинг унут,

Ва севгининг оғушига қайт.

Наима Раҳмонова