ҒЎЗА ПАРВАРИШИ АВЖ ПАЛЛАДА
2020 йил пахта ҳосили учун туманда жами 5869 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, бугунги кунда уларни парваришлашда зарур агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни вақтда ғўза парваришида амалга ошириладиган культивация, чуқур юмшатиш ва суспензия билан ишлов бериш каби агротехник тадбирлар авж паллага кирди.
Жорий йилда ёғингарчилик кўп бўлганлиги пахта майдонлари тупроғининг ўта зичлашишига, ғўза ривожининг сустлашиши ҳамда илдиз тизимининг яхши ривожланмаслигига сабаб бўлмоқда.
Шундан келиб чиқиб, 2020 йил 11 май куни Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида бўлиб ўтган селектор йиғилишида инспекцияга юклатилган юқори унумли тракторларни йиғиш, уларга суспензия сепиш мосламалари билан жиҳозланган чуқур юмшатгичларни тақиш ишлари устидан қаттиқ назорат ўрнатиш ҳақидаги топшириққа асосан, ғўза қатор ораларига ишлов беришда қатнашадиган чуқур юмшатгичларни йиғиш, таъмирлаш, юқори унумли тракторларга тақиш ва талаб этиладиган агротехник тадбирларни ўтказишга жалб қилиш ишлари бўйича назорат тадбирлари ўтказилди.
Бугунги кунда туман бўйича талаб этиладиган 32 дона юқори унумли техника рўйхати шакллантирилиб, ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида мулкчилик шаклидан қатъи назар, туман «Агросервис МТП ИСМ» МЧЖга йиғилиб, уларнинг техник ҳолати мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилди ва мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
Шунингдек, 32 дона чуқур юмшатгич таъмирланиб, юқори унумли техникаларга тақилиши таъминланди.
Бундан ташқари, ғўза ниҳолларини қўшимча озиқлантириш, касалликларга ва ҳашаротларга қарши ишлов бериш мақсадида 24 та чуқур юмшатгич суспензия сепиш мосламалари билан жиҳозланди.
Жойларда чуқур юмшатгичлардан самарали ва унумли фойдаланиш бўйича инспекциянинг туман бўлими томонидан тизимли назорат ўрнатилиб, кунлик мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.
С.МАҚСУДАЛИЕВ, Ўзагроинспекциянинг туман бўлими пахта хом ашёси, дон уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори.

