Аёл

Меҳнат юкин олиб билакка,

Бардошдан тўн бичиб юракка.

Етмоқ учун орзу тилакка,

Бахт сари йўл олади аёл.

Хаёлида эзгулик фақат,

Юмушлардан устундир тоқат,

Ҳаёт, сенга қилиб итоат,

Бахт сари йўл олади аёл.

Синаса-да йиллар бардошин,

Кўрсатмайди кўздаги ёшин,

Аламларга эгмайин бошин,

Бахт сари йўл олади аёл.

Фироқларга бўлмагай чўри,

Нигоҳида олам сурури,

Ниятидан қайтмас ғурури,

Бахт сари йўл олади аёл.

Хориш билмас ҳеч қирқта жони,

Юрагига ҳамроҳ иймони,

Вужудида жўш уриб қони,

Бахт сари йўл олади аёл.

Дейди: -Ватан, оилам, болам.

Қудратидан гуллайди олам,

Бир қўлда иш, бир қўлда қалам,

Бахт сари йўл олади аёл.

Машҳура  АҲМАДЖОНОВА,

Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.