ТУМАН ТИББИЁТИ ТАРИХИДАН
1924 йил Ўзбекистон Республикаси ташкил топгач, вилоятлар, туманлар таркиб топа бошлади. 1935 йилгача Янгиқўрғон тумани таркибида бўлган Уйчимизда халқ хўжалиги соҳаларига асос солина бошланди. Жумладан, 1931 йилда Жийдакапа, Ёрқўрғон, Янгичек ва Чўртукда тиббиёт пунктлари ташкил этилиб, халқ саломатлигини муҳофаза қилиш ишлари бошланган эди. Аҳолига ўрта тиббиёт ходимлари бошланғич тиббий хизмат кўрсата олар эдилар.
1935 йилда Уйчи тумани ташкил топгач, ўша даврдаги туман раҳбари Йўлдош Ирисметовнинг ташаббуси билан кўнгилли туман ёшлари иштирокида 30 ўринли марказий касалхона биноси хом ғиштдан қуриб битказилди. Аҳолига асосан тиббий-профилактик хизмат кўрсатилган. Маҳаллий кадрлар йўқ, мутахассислар четдан келиб ишлашган. Енгил касалликлар даволанган, оғир беморлар шаҳарга юборилган.
Маҳаллий кадрлардан туман тиббиёти қалдирғочи бўлиб, ўрта тиббиёт ходими Ўлмасхон Юсупова етишиб чиқди ва у туман соғлиқни сақлаш бўлими мудири сифатида 1936-1946 йилларда фидокорона фаолият кўрсатди.
Бу давр II жаҳон уруш йиллари бўлиб, аҳолидан ташқари фронтдан келган ярадорларни ҳам даволанган. Тиббиёт масканлари торлик қилиб, 1-ўрта мактаб (ҳозирги 36-мактаб ўрнидаги эски бино) ва Чўртукдаги мактаб биноси ҳарбий госпиталга айлантирилган, ҳарбий врачлар ҳам Россиядан юборилган эди.
Урушдан сўнг маҳаллий кадрлар бирин-кетин тиббиёт олийгоҳларини тамомлаб, ишга кела бошлади-лар. Жумладан, 1946-48 йилларда Ҳамидхон Қориев, 1948-51 йилларда Муҳиддин Акрамов (шу даврда бўлимда ўринлар сони 80 тага етказилиб, жарроҳлик, терапия, туғруқ хизмати соҳаларига асос солинди), 1951-54 йилларда Тожибой Мусашайхов, 1954-64 йилларда Тўлқинжон Тўхтаев, 1964-70 йилларда Ваҳобжон Олимов, 1973-75 йилларда Собитхон Акралов, 1975-96 йилларда Боймирза Холматовлар раҳбарлик қилиб, туманимиз тиббиёти республика миқёсида танилишига ва беқиёс равнақига салмоқли ҳисса қўшдилар.
Туманда тиббиётнинг ҳозирги замонавий кўринишига келишига фидокорона, ҳалол меҳнатлари, чуқур профессионал билим ва тажрибалари билан муносиб улуш қўшган, соҳалар асосчилари – жарроҳлар Абдуғани Нуриддинов, Тўхтамирза Алиев, Мирза Раҳматов, Ғофиржон Йўлдошев, Бекмирза Отамирзаев, акушер-гинеколог, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор Наимахон Саиднугманова, окулист, Халқ врачи Назира Жуманова, Республикада хизмат кўрсатган врач Муҳаббатхон Насриддинова, сил касалликлари шифокори Жўрабой Мирзахалов, неврология хизмати асосчиси Собитхон Акралов, терапевт Олимжон Мусаев, стоматология ва статистика ривожини бошлаб берган «Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими» Иброҳимжон Турсунов, чорвадорлар жонкуяри, «Ҳурмат белгиси» ордени соҳиби Холмирза Маҳмудов, тери касалликларининг моҳир шифокори Сайдулло Мадёров, травматология, урология, кардиология, онкология хизматлари кашшофлари А.Валиев, Д.Каримов, Қ.Жаббаров, Р.Назаров, лор шифокори А.Абдухалилов, лаборант Н.Ҳасановалар номларини туман аҳли ҳали-ҳануз эҳтиром билан тилга олади.
Туман тиббиёти тарихида 1970 йилдан кейинги йиллар алоҳида давр саналади. Боиси, шу йилларда энг замонавий билимларни эгаллаган Муҳаммадюсуф Раҳмонов, Ҳакимжон Мадраҳимов, Аҳмаджон Ҳасанов каби ёш мутахассислар врачлар сафини тўлдирган бўлсалар, 1975 йил марказий касалхонага ғоят иқтидорли, ташкилотчи Боймирза Холматов раҳбар этиб тайинлангач, туман тиббиёти кўплаб замонавий аппаратлар, жиҳозлар, ускуналар билан таъминланди. Намунали лойиҳалар асосида Қизилравотда 120 ўринли, Жийдакапада, Машадда 60 ўринли, туман марказида 120 ўринли болалар юқумли касалликлар шифохоналари, туғруқхона ва болалар бўлими, 2 қаватли стоматология, тўрт қаватли марказий поликлиника бинолари қурилиб, зарур анжомлар билан жиҳозланди. Барча шифо масканларида муҳандислик-коммуникация, газлаштириш, тоза ичимлик суви тортиш, канализация тизимини барпо этиш ишлари амалга оширилди.
Туманда соғлиқни сақлаш, уни ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини юксалтириб бориш, тизимга оқилона ва одилона раҳбарлик қилишдаги фидокорона меҳнатлари учун бош ҳаким Боймирза Холматов 1981 йил «Ҳурмат белгиси» ордени, «Х беш йиллик ғолиби» нишони, 1985 йил «СССР соғлиқни сақлаш аълочиси», 1992 йил «Мустақиллик» эсдалик нишони, 1995 йил «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвонларига сазовор бўлди.
Кейинчалик туман тиббиётига турли йилларда Холмирза Чўлпонов, Маҳаммаджон Қурбонбоев, Неъматилла Қирғизбоев, Аъзамжон Абилов, Абдубанно Ибрагимов, Манзурахон Азизовалар раҳбарлик қилдилар ва тиббиётимиз ривожига муносиб улуш қўшдилар.
Соҳани 2018 йилдан бошлаб малакали мутахассис Насибахон Расулова бошқариб келмоқда.
Бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмасида 212 мингдан ортиқ аҳолига 2,5 мингга яқин тиббиёт ходими (2300 га яқини аёллар) хизмат кўрсатмоқда. 227 нафар врачнинг 75,7 фоизи, 1564 нафар ўрта тиббиёт ходимининг 51 фоизи тоифага эгадирлар.
Шифокорларнинг 3 нафари давлат ордени, 8 нафари медал, 18 нафари «Соғлиқни сақлаш аълочиси» ва бир қанча турли мукофотлар соҳибларидир.
1937 йилда 1 та кичик касалхона ва 3 та тиббиёт пункти бўлган туманимизда бугун марказий касалхона, кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та оила поликлиникаси, 4 та қишлоқ врачлик пункти, силга қарши кураш диспансери, болалар юқумли касалликлари бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. 400 ўринли марказий касалхонада аҳолига 26 турдаги стационар ёрдами ташкил этилган.
Туманнинг барча мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида тиббиёт пунктлари ишлаб турибди. Ўринбой МЎМИНОВ.

