БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ
Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси томонидан китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишни таъминлаш мақсадида «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан туманнинг барча ҳудудларида «Болаларга беринг дунёни» лойиҳаси асосида «Фарзандимга китоб ҳадя этаман» ва «Болажонларга китоб совға қиламан» шиорлари остида йўқлов акцияси ўтказилди.
Манзилли рўйхат асосида болалар ҳолидан хабар олиш, карантин даврида улар истеъдодларини кенг оммага етказишда барча соҳада фаолият олиб бораётган корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, шунингдек, вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари ихтиёрий равишда карантин талабларига риоя этган ҳолда ўз ҳудудларида ўтказилган йўқлов тадбирида фаол қатнашдилар.
Вилоят Кенгаши депутати З.Атахонова, туман Кенгаши депутатлари Р.Назарова, А.Мўйдинов, У.Маҳкамов, А.Исмоилов, «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси Уйчи филиали раҳбари А.Турдибоев, ЎзХДП туман кенгаши вакиллари томонидан тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига бадиий китоблар ва эсдалик совғалар берилди. Бир зум бўлса-да, болаларнинг кўзидаги қувонч ва шодликларга шерик бўлиб, кўнгиллар тоғдай кўтарилди.
Эътиборхон ЮНУСОВА, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари.

