ҒАЙРАТИ СЎНМАГАН ОТАХОН
Туманнинг ўтмиши билан боғлиқ маълумотларнинг барчасиям ташкилот-корхоналардан топилавермайди. Шунда ёши улуғ, кўпни кўрган, қолаверса, ўзининг шахсий архивини яратган ҳамюртларимизни кўмакка чорлаймиз.
Абдунаби ота Мамадалиев ана шундай куюнчаклардан. У кишидан ёрдам сўралса, ҳеч қачон таҳририятга келиб-кетишни малол олмаган. Ўзида сақланиб келаётган маълумотлар билан бажони дил ўртоқлашади. Эътиборлиси, домладаги 40-45 йил аввалги газета-журналлар, ёрлиқлар, маълумотномалар кечагидай озода, ҳеч бир ери букилмай, ғижимланмай, ўчиб кетмай сақланганига қойил қолмай иложингиз йўқ.
Абдунаби ака билан суҳбатлашишнинг ўзи мароқ-ли. Чинакам миллатимизга хос лутф, нутқ маданияти, самимийлик ва камтарлик домланинг феъл-атворига хос. Тарих зарварақларидан сўз очсалар, беихтиёр Уйчининг ўтган асрдаги манзараси бўйлаб хаёлан сайр этасиз. Кўз олдингизда йўл ёқасидаги азим чинорларнинг ёз жазирамасидаги салқин сояси, чанг кўчалар бўйлаб кетмон илган, белбоғига пичоқ осган одамлар, қучоқ етмас тугунни бошига кўтарган аёллар, тол новдасини миниб, ялангоёқ чопқиллаган бир тўп болалар намоён бўлади.
Абдунаби ака оддий деҳқон оиласида дунёга келган. Хонадонда вояга етган 8 фарзанднинг барчаси эл-улус корига ярайдиган бўлди.
Қаҳрамонимизнинг болалиги урушдан кейинги оғир, машаққатли йилларга тўғри келди.
-Замон ўта оғир келган, -эслайди Абдунаби ака. -Колхоз далаларида ишлардик. Саховатли инсонлар кўп бўлган у пайтлари. Устоз кўз олдидан шу паллада ош-нон, сут-қатиқ келтириб, шийпонда барчага тарқатган онахонлар, асал билан сийлаган асаларичи отахонлар, бор-будини ўртага ташлаб, эл билан баҳам кўрганлар бирма-бир ўтади. Унинг камолотида мана шу инсонлар одамийлиги, саховати, элпарварлиги ўтган бўлса, не ажаб.
Абдунаби ака 1-мактабни тамомлагач, Задарёда чўл ерларни ўзлаштиришда фаол қатнашди, Учқўрғондаги 14-сонли УМСХда механизаторлик қилди. 1961 йилда армия сафига чақирилди.
1968 йили Тошкент индустриал техникумини имтиёзли тамомлади. Ўрта махсус таълимни ривожлантиришда ўз улушини қўшган педагог 1975 йилда Андижон пахтачилик институтини тамомлади. 30 йилдан зиёд 12-ҲТБЮда фаолият олиб бориб, минглаб ўқувчиларга устозлик қилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмасида Абдуғани Мўминов, Эркинбой Аҳмедовлар билан елкама-елка туриб ишлади. Абдунаби ака ҳар жабҳада ўз меҳнатсеварлиги билан обрў-эътибор қозонган. Шахсий архивидан жой олган эсдалик нишонлари, тахлам-тахлам «Фахрий ёрлиқ», «Ташаккурнома»лар устоз босиб ўтган серқирра умр йўлининг нишонасидир.
Мен Абдунаби акани ёшлик йилларимдан бери яхши танийман. Шу вақт оралиғида мен бирор марта устозга аввал салом беришга улгурмаганман. Катта-ю кичик, таниш-нотанишга эски қадрдонлардай қўллари кўксида «Ассалому алайкум», дея суҳбатни бошлайдиган Абдунаби ота Набиев ҳар томонлама бугунги ёшларимиз ибрат олишга лойиқ инсон. Чин инсонийликни ўзида мужассам этган домла барчамизга ҳаёт сабоғидан ҳалиям дарс беришга лойиқлар. Ғайрати сўнмаган нуроний отахонимизга эл-юрт ташвишидаги саъй-ҳаракатлари бардавом бўлишига тилакдошмиз. Абдулҳаким НИШОНОВ.

